Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш хизмати нархи 5 бараварга арзонлашди
2026-10-20 20:00:00 / ОАВ биз ҳақимизда

Янги тарифлар 20 октябрдан кучга кирди. Миграция агентлиги Европа, Россия ва араб давлатларига ишга жойлаштириш хизматларини йил охиригача бепул кўрсатади.
Ўзбекистонда Миграция агентлиги орқали хорижда ишга жойлаштириш хизматлари нархлари пасайтирилди. Бу ҳақда агентликнинг 20 октябрь куни ўтказилган брифингида маълум қилинди.
Агентлик директорининг 19 октябрдаги 114-сонли буйруғи билан жўнаб кетишдан олдинги ўқитиш (мослаштириш) ва хорижда ишга жойлаштириш хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.
Хусусан, Жанубий Кореяга Е-9 визаси асосида ишга юбориладиган фуқаролар учун хизмат ҳақи 50 БҲМдан 10 БҲМга туширилди. Натижада аввал 22 миллион сўм бўлган тўлов 4 миллион 400 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳар бир фуқаро учун 17 миллион 600 минг сўм тежалишини англатади.
Жанубий Кореяга Е-7 визаси асосида ишга жойлаштириш хизмати учун ҳам 10 БҲМ — 4 миллион 400 минг сўм миқдорида тариф белгиланди.
Шунингдек, Европа давлатлари, Россия ва араб мамлакатларига Миграция агентлиги орқали ташкилий тартибда ишга юбориладиган фуқаролардан 2026 йил 31 декабрга қадар агентлик хизматлари учун тўлов ундирилмайди. Айрим ҳолларда хизмат ҳақини хорижий иш берувчилар қоплаши мумкин.
Бошқа давлатларга ишга жойлаштириш учун қуйидаги тарифлар белгиланди:
Беларусга — 44 минг сўм;
Россиядан ташқари МДҲ давлатлари ва Монголияга — 440 минг сўм;
Грузияга — 880 минг сўм;
Туркияга — 1 миллион 320 минг сўм.
Японияга технологиялар, гуманитар билимлар ва халқаро ишлар йўналишида ишга жойлаштириладиган олий таълим муассасалари битирувчилари учун хизмат ҳақи 440 минг сўм этиб белгиланди. Махсус малакали ишчи ва техник стажировка дастурлари бўйича эса тўлов 4 миллион 400 минг сўмни ташкил этади.
Янги тарифлар 2026 йил 20 октябрдан кучга кирган бўлиб, ушбу санагача тузилган шартномаларга татбиқ этилмайди.
Миграция агентлиги тарифлар фақат ўзи кўрсатадиган хизматларга тегишли эканини таъкидлади. Виза расмийлаштириш, авиачипталар, тиббий кўрик ва бошқа харажатлар дастур ҳамда меҳнат шартномаси шартларига қараб алоҳида тўланиши мумкин.
Янги тарифлар ҳақида агентликнинг расмий саҳифалари ёки 1282 қисқа рақами орқали маълумот олиш мумкин.
Сентябрь ойи бошида Жанубий Кореяда Е-9 визаси асосида ишлаётган ўзбекистонликлар учун иш жойини ўзгартириш тартиби енгиллаштирилгани ҳақида хабар берилганди.
Хусусан, иш жойини алмаштиришдан олдин Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси розилигини олиш талаби ва унга риоя қилмаганлик учун белгиланган жарима бекор қилинган. Бироқ фуқаролар Корея қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларга риоя қилиши шартлиги сақланиб қолган.
Манбалар: daryo.uz, repost.uz, uz.kursiv.media, nova24.uz, @Rasmiy_axborot_official, @uznews, @sputnikuzbek, silapravamsc, @migrantlar24, @qoraxabar, @migrant_musofir, kun.uz, nuz.uz, www.uzdaily.uz, anhor.uz, caravan-info.uz, thelive.uz, vaib.uz.

