Хорижда ишлаш учун кўниктириш курслари: аҳамияти ва дунё тажрибаси

Чет элда ишлаш истаги — инсон ҳаётидаги катта ўзгариш бўлиб, янгича муҳит, тил, маданият ва қонунларга мослашувни талаб қилади. Шу боис, хорижда муваффақиятли ишлаш учун олдиндан тайёргарлик муҳим.
Бошқа мамлакатда нафақат мутахассис, балки жамиятнинг фаол ва интеграциялашган аъзоси сифатида ҳам муваффақият қозониш лозим.
🌐 Дунёдаги амалиётлар
Жанубий Корея, Германия, Канада, Япония ва Сингапур каби давлатларда хорижий кадрлар учун ташкил қилинган тайёрлов курслари қуйидагиларни ўз ичига олади:
▪️ Меҳнат қонунчилиги ва хавфсизлик
▪️ Тил ва маданий мослашув
▪️ Руҳий, жисмоний ва молиявий тайёргарлик
Бу курслар самарали ишчи кучини шакллантиришга ёрдам беради ва иш берувчилар учун ишончли кадрлар тайёрлайди. Кетиш олди тайёргарлик юқори даражада ташкил қилинган мамлакатлардан ишчи кучи кўпроқ талаб қилинади ҳамда уларнинг салоҳияти тўғри йўналтирилади.
📚 Миграция агентлиги томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида кўниктириш ва мослаштириш тадбирлари учун замонавий ўқув марказлари ташкил этилган.
🎥 Лавҳада Самарқанддаги Кореяга кетиш олди тайёргарлик курси фаолияти билан танишасиз.
Хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун хорижга кетишдан олдин кўниктиириш ва мослаштириш қисқа муддатли курслари ҳақида
Хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида кетаётган Ўзбекистон фуқароларини тайёрлаш, уларнинг соғлиғи, ҳуқуқий онги, ижтимоий-психологик барқарорлиги ҳамда хорижий муҳитга мослашувини таъминлаш мақсадида кўниктириш ва мослаштиришга қаратилган қисқа муддатли ўқув курслари йўлга қўйилган.
Танловдан ўтган фуқаролар ташкилий тарзда комплекс тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрик жараёнлари фото ва видео материаллар орқали ҳужжатлаштирилади. Соғлом деб топилган номзодлар хорижга кетишдан олдинги кўниктириш ва мослаштириш жараёнларига жалб этилади.
Мазкур жараён доирасида фуқаролар қуйидаги умумий (барча давлатлар учун татбиқ этиладиган) йўналишлар бўйича таҳсил олади:
-
Қабул қилувчи давлат маданияти, этикаси ва давлат тили асослари
(давлат ва меҳнат бозори хусусиятидан келиб чиқиб) – 42 соат; -
Хорижий муҳитда ижтимоий-маданий мослашувнинг психологик хусусиятлари – 2 соат;
-
Меҳнат мигрантлари орасида диний экстремизм ва ноқонуний миссионерлик ҳолатларининг олдини олиш – 2 соат;
-
Таносил касалликлари ҳамда ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш – 2 соат;
-
Техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари – 2 соат;
-
Қабул қилувчи давлатнинг меҳнат ва миграция қонунчилиги асослари – 2 соат.
Ўқув курслари мазмуни:
Қабул қилувчи давлат маданияти, этикаси ва давлат тили курси
Белгиланган ўқув дастурлари ва тасдиқланган дарсликлар асосида олиб борилади. Курс назарий ва амалий машғулотлардан иборат бўлиб, кундалик мулоқот, иш жараёнидаги нутқ, муомала маданияти ва меҳнат интизомига оид кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилади.
Хорижий давлатда ижтимоий-маданий мослашувнинг психологик хусусиятлари курси
Малакали психологлар томонидан амалий машғулотлар шаклида ўтказилади. Психологик тестлар орқали номзодларда хорижда бўлиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар (қўрқув, стресс, иккилланиш, агрессия ҳолатлари) аниқланиб, уларни бартараф этиш усуллари ўргатилади.
Меҳнат мигрантлари орасида диний экстремизм ва миссионерлик ҳолатларининг олдини олиш курси
Ваколатли давлат органлари ва мутахассислар иштирокида ўтказилади. Ушбу машғулотларда диний экстремистик ва радикал ғояларнинг олдини олиш, ноқонуний диний гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслик, расмий ва ишончли ахборот манбаларидан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилади.
Таносил касалликлари ва ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш курси
ОИВ-инфекция, ОИТС ҳамда бошқа юқумли таносил касалликлари, уларнинг турлари, юқиш йўллари ва олдини олиш чораларига оид тиббий-маърифий маълумотлар берилади.
Техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари курси
Иш жойида техника хавфсизлигига риоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари, ишчи ва иш берувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, ишлаб чиқариш интизоми масалалари ёритилади.
Қабул қилувчи давлат қонунчилиги асослари курси
Қабул қилувчи мамлакатнинг меҳнат, миграция ва маъмурий-жиноий қонунчилиги, шартнома муносабатлари, жавобгарлик чоралари, ижтимоий тартиб-қоидалар ҳамда юриш-туриш нормалари билан таништирилади.
Барча ўқув курслари ўз йўналишида етарли тажрибага эга бўлган малакали мутахассислар томонидан олиб борилади.
Мазкур кўниктириш ва мослаштириш курсларининг жорий этилиши хорижга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий хабардорлигини ошириш, уларнинг хавфсиз ва қонуний меҳнат фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Статистик кўрсаткичлар:
2025 йил январ–ноябрь ойларида Миграция агентлиги томонидан чет элга кетишдан олдин кўниктириш курслари давлатлар кесимида амалга оширилган.
Хусусан, мазкур даврда Корея Республикаси (E-9 виза) йўналиши бўйича 1 178 нафар, Россия Федерацияси бўйича 4 179 нафар, Япония бўйича 29 нафар, Туркия бўйича 7 нафар, Германия бўйича 115 нафар, Буюк Британия бўйича 344 нафар фуқаролар кўниктириш курсларида иштирок этган.
Шунингдек, Латвия йўналиши бўйича 3 нафар, Болгария бўйича 2 нафар, Польша бўйича 1 нафар, Белоруссия бўйича 86 нафар, Хорватия бўйича 1 нафар, Словакия бўйича 101 нафар, Черногория бўйича 16 нафар, Эстония бўйича 4 нафар ҳамда Италия бўйича 5 нафар фуқаро ушбу курсларга жалб этилган.
Умуман олганда, 2025 йил январ–ноябрь ойларида жами 6 071 нафар фуқаро Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган кетишдан олдинги кўниктириш курсларидан ўтказилган.
