Агентлик низоми
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
3. Агентлик республика миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижга ташкиллаштирилган ҳолда юбориш тартиби тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига асосланган фаолиятни амалга оширади.
4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, фармойишлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
5. Агентлик бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
6. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, штамп ҳамда ўз фаолияти учун зарур бўлган рамзларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.
7. Агентликнинг ваколатхоналари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар, бланкларга эга бўлади.
8. Агентлик Тошкент шаҳрининг Қамарнисо кўчасидаги 1-уйда жойлашган. Почта индекси: 100179.
9. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги;
қисқартмаси — Миграция агентлиги;
б) инглиз тилида:
тўлиқ — Migration Agency under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
қисқартмаси — Migration Agency;
в) рус тилида:
тўлиқ — Агентство миграции при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартмаси — Агентство миграции.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини комплекс тартибга солиш, фуқароларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ишларини назорат қилиш ҳамда ушбу фуқароларнинг ҳисобини юритиш;
хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш, улар томонидан лицензия талаблари ва шарт-шароитларига риоя этилишини назорат қилиш;
миграция соҳасида халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;
хорижий иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш ишларини ташкил қилиш, ривожланган давлатларда тан олинадиган малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизимларини жорий қилиш;
чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий ва бошқа қийин аҳволда қолган фуқароларни қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашиш;
Ўзбекистоннинг хориждаги ва хорижий давлатларнинг республикамиздаги дипломатик муассасалари билан доимий ҳамкорлик қилиш, ўзбек диаспоралари ва ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш.
11. Агентлик ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини комплекс тартибга солиш, фуқароларни хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ишларини назорат қилиш ҳамда ушбу фуқароларнинг ҳисобини юритиш соҳасида:
ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юбориш мақсадида хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни топади, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда танлаш тўғрисида хорижий иш берувчилар ва хусусий агентликлар билан шартномалар тузади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
хорижда ишлаш истаги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини иш берувчилар томонидан танлаб олиш жараёнлари ташкил этилишини назорат қилади ва сайёр қабуллар, учрашувлар ҳамда давра суҳбатларида иштирок этади;
дастлабки мослаштириш тадбирлари ўтказилишини назорат қилади;
ташқи меҳнат миграцияси соҳасини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва ишлаб чиқишда қатнашади;
ташқи меҳнат миграция соҳасида халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;
ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш, илғор хорижий ва миллий тажрибани Агентлик фаолиятига жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммоларни ўрганади, ушбу соҳани такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқади, қонунчиликдаги бўшлиқ ва камчиликларни аниқлаб, уни бартараф қилиш чораларини кўради;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб боради, халқаро, давлатлараро ва идоралараро шартномалар, битимлар ва баённомалар лойиҳаларини тайёрлайди;
ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ, шу жумладан, «ишчи виза»га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматларини кўрсатади;
хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича фуқароларнинг ва иш берувчиларнинг фикрлари, таклифлари ва қонуний талабларини ўрганади ҳамда таҳлил қилади ва шу асосда уларни ҳал қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базасини шакллантиришда иштирок этади, шунингдек, хорижий иш берувчилар реестрини юритади;
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетиш истагида бўлган ва чет тилларига ўқитилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни Агентликнинг ҳудудий филиаллари томонидан тегишли тартибда манзилли рўйхатларни шакллантириши ва «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасига киритилишини назорат қилади;
б) хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш, улар томонидан лицензия талаблари ва шарт-шароитларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш учун талабгорларнинг мурожаатларини қабул қилади ва кўриб чиқади;
хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, чекланмаган муддатга бериладиган электрон ҳужжатни (кейинги — ўринларда лицензия) беради ёки беришни рад этади;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;
лицензияларни қайта расмийлаштиради;
лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туради, қайта тиклайди;
лицензияларни бекор қилади ёки лицензияларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;
лицензияларни ўзгартиради;
лицензиялар реестрини юритади;
Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ хусусий бандлик агентликлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилади;
лицензияга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида иш билан таъминлашни тарғиб қилиш ёки иш билан таъминлаш ҳолатларини текширади;
хусусий бандлик агентликлари ва хорижий иш берувчилар реестрларини юритишини ташкил этади;
хорижий иш берувчилар ва (ёки) рекрутинг агентликларидан жалб қилинган иш ўринларини лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлайди;
в) миграция соҳасида халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларни хорижда вақтинча ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:
фуқароларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда иштирок этади ҳамда ушбу йўналишда чет давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилади;
меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан музокаралар олиб боради, ҳамкорлик келишувлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва имзоланишини таъминлайди;
хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида салоҳиятли хорижий давлат иш берувчиларини излаб топади ва улар билан ҳамкорлик қилиш учун музокаралар олиб боради;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномалар, битимлар, баённомалар ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиқадиган тегишли қарорлар ва мажбуриятларнинг хорижий ҳамкорлар ва иш берувчилар томонидан бажарилишини мувофиқлаштиради;
г) хорижий иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш ишларини ташкил қилиш, ривожланган давлатларда тан олинадиган малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизимларини жорий қилиш соҳасида:
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин мослаштириш, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш марказлари, тил ўргатиш марказлари фаолиятини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этади ва бошқаради;
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касбий таълим ташкилотлари ва касб-ҳунар марказлари ёки нодавлат таълим ташкилотларида касбга ўқитади, кетишдан олдин мослаштиради, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади, уларга чет тилларини, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқаришда меҳнатни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатади;
хорижий ҳамкорлар томонидан ташкил этилган ўқув марказлардаги ўқув курсларида ўқиётган ва курсларни якунлаган фуқаролар электрон базасини шакллантиради;
ривожланган давлатларда тан олинадиган малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизимларини жорий қилиш юзасидан хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан музокаралар ўтказади;
малакани баҳолаш ва сертификатлаш ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жалб қилиш чораларини кўради ва белгиланган тартибда уларнинг фаолиятини расмийлаштиришда кўмаклашади;
д) чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий ва бошқа қийин аҳволда қолган фуқароларни қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашиш соҳасида:
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари ва вакиллари орқали хорижда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолиятининг мониторингини юритади;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида тазйиққа учраган, мажбурий меҳнатга мажбур қилинган ва таҳқирланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилади, шунингдек, уларни Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашади;
ж) Ўзбекистоннинг хориждаги ва хорижий давлатларнинг республикамиздаги дипломатик муассасалари билан доимий ҳамкорлик қилиш, ўзбек диаспоралари ва ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш соҳасида:
салоҳиятли хорижий иш берувчилар билан яқин алоқалар ўрнатиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан муносабати ва тасаввурини яхшилаш чораларини кўради;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миграция соҳасидаги механизмларни такомиллаштириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган мигрантларга юридик, психологик, моддий ва бошқа ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади;
хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг меҳнат ва маиший шароитларини яхшилайди;
хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар зич яшайдиган ҳудудларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин тайёрлаш, чет тилига ўқитиш ва имтиҳонга тайёрлашга ихтисослашган марказларни ташкил этиш;
Миграция бўйича республика комиссиясига Агентликнинг хориждаги ваколатхоналарини ташкил этиш ва тугатиш, Агентлик вакиллари учун штат бирликларини очиш ва қисқартириш юзасидан таклифлар киритиш;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касбий таълим ташкилотлари, касб-ҳунар марказлари ёки нодавлат таълим ташкилотларида чет тилларига ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда ўқув дастури якунлари бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга давлат намунасидаги ҳужжат беришга тавсия этиш;
тузилган шартномаларга мувофиқ хорижда ишлаш учун кадрларни танлаб олиш, уларнинг чет тилларни билишини ва касбга лойиқлигини текшириш, шунингдек, ишга жойлашадиган мамлакатнинг асосий қонунларини тушунтириш;
хорижий ҳамкорлар билан тузилган битимларни (шартномаларни) ҳисобга олган ҳолда, дастлабки саралашдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан уларни хорижда ишга жойлаштиришда хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;
хорижий ҳамкорлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижга ишга юбориладиган номзодлар ҳақида ахборот олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш;
Миграция бўйича республика комиссияси билан келишган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижда меҳнат миграциясига оид тадбирлар ўтказиш, улар доирасида меҳмонларни кутиб олиш, кузатиш, овқатланиш, транспорт, совғалар ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги масалаларига тааллуқли бошқа тадбирлар харажатларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;
хорижий ишчи кучини ёлловчи ёки бунга кўмаклашувчи хорижий ташкилотлар билан ўз ваколати доирасида бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш;
Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида Агентликнинг ўз маблағлари ҳисобидан вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини, бошқа юридик ва жисмоний шахсларни, шу жумладан, шартномавий-ҳуқуқий асосда жалб қилиш;
Агентликнинг хориждаги вакилларини чекланган штатлари сони доирасида бошқа ҳудудларга бириктириш ёки тугатиш;
ваколатига кирадиган масалалар ҳамда унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ваколатига кирадиган масалаларда давлат органлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалаларда белгиланган тартибда судларга аризалар ва даъволар киритиш;
агар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва жарималар солиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиш;
бўш турган маблағларни банклар депозит ҳисобрақамларига жойлаштириш;
Агентлик номидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
давлат органлари ва манфаатдор шахслардан ўз ваколати доирасида зарур ахборотларни сўраш ва олиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13. Агентлик:
ўзига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариши;
ўзи қабул қилган қарорлар ҳамда буйруқларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариши;
фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар ижросини самарали ташкил этиши ва бажариши;
балансидаги мулклар, шу жумладан, кўчмас мулклардан мақсадли фойдаланишга қатъий риоя этиш;
ўзига юкланган вазифа ва функциялар доирасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.
Агентликка қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
14. Агентлик ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги маблағлар билан жавоб беради. Бу маблағлар етарли бўлмаса, муассис давлат муассасасининг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.
Агентлик муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
15. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари хамда бошқа ташкилотлар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
16. Агентлик ҳудудий филиаллари, хориждаги ваколатхона ва вакиллари мажбуриятлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.
17. Агентлик давлат активларини, шу жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкларининг бут сақланиши бўйича моддий жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Агентлик мол-мулки ва молия-хўжалик фаолияти
18. Куйидагилар Агентликнинг мулки ҳисобланади:
муассис томонидан Агентликка оператив бошқарув ҳуқуқи билан бириктирилган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига асосан вужудга келган мулк;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ўз маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилган мулклар.
Агентликнинг даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи мавжуд. Агентликнинг бу даромад ҳисобидан сотиб олинган мол-мулки Агентликнинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинади.
19. Агентликнинг мулки Агентлик ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
20. Агентликнинг мулки қуйидаги ҳолларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда муассис билан келишган ҳолда тасарруф этилади:
асосий воситаларни сотиш, ҳисобдан чиқариш (бинолари ва иншоотлари, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотларидан ташқари);
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари, қурилиш соҳасидаги лойиҳалаштириш ташкилотлари, махсус лицензияга эга бўлган ташкилотлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг хулосасига мувофиқ яроқсиз деб топилган ҳамда ваколатли органлар томонидан бузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кўчмас мулк объектларини бузиш;
автотранспорт воситаларини харид қилиш, бино ва иншоотларни сотиб олиш ва/ёки қуриш;
мулкни Агентлик фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш.
21. Агентлик даромад келтирадиган қуйидаги хизматларни кўрсатади:
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига авиа, темир йўл ва автотранспорт чипталарини харид қилишда ва бошқа транспорт-логистика масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш;
хорижда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш;
жисмоний ва юридик шахслар талабномалари бўйича иш жараёнига жалб этилмаган Агентлик транспорт воситаларини жалб қилиш орқали транспорт хизматларини кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва чет эл фуқароларини меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар.
22. Даромад Агентлик молия-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади.
23. Қуйидагилар Агентликнинг молиявий ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланишдан тушган фойда (даромад);
чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар учун йиғимларнинг бир қисми;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, кетишдан олдин мослаштириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларга чет тилларини, техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини ўргатиш бўйича кўрсатиладиган хизматлардан олинган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
24. Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ вазифалар ва функцияларни бажариш учун ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
25. Хўжалик фаолиятидан тушган валюта тушуми Агентликнинг валюта ҳисобрақамига ўтказилади ва ундан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилади.
26. Агентлик ўз фаолиятининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини, шунингдек, статистика ҳисоботини юритади.
27. Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий филиаллари фаолияти Агентликнинг даромад келтирадиган фаолиятидан тушган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади ва моддий-техник таъминланади.
Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари ва вакиллари фаолияти Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
28. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлардан иборат.
5-боб. Агентликка раҳбарлик қилиш
29. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Агентлик директори мақоми, тиббий ва маиший таъминот шароитлари бўйича вазирга тенглаштирилади.
30. Агентлик директори қуйидаги функцияларни бажаради:
Агентликка умумий раҳбарлик қилади, унинг жорий фаолиятини ташкил этади ва ўз зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради;
давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий давлатларнинг давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Агентлик номидан иш юритади;
Агентлик ва Миграция жамғармаси фаолиятини, шу жумладан пул маблағларини сарфлаш самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилади;
Агентликнинг штатлар жадвали, бизнес режаси ва сметаларини тасдиқлайди;
Агентлик, унинг ҳудудий филиаллари ва хориждаги ваколатхоналари тузилмасини тасдиқлайди, ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек, белгиланган тартибда уларни рағбатлантиради;
Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда индикаторларини тасдиқлайди;
кадрларнинг қайта тайёрланишини ва малакаси оширилишини ташкил этади;
жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек, Агентлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қонунчилик ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;
Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий филиаллари ва хориждаги ваколатхоналари бошлиқлари ва ходимлари ҳамда меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташелар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартибини тасдиқлайди.
Агентликка юкланган вазифаларга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
31. Агентлик директори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;
Агентлик ходимлари билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;
Агентлик ходимлари бажариши шарт бўлган буйруқларни қабул қилиш ҳамда кўрсатмалар бериш;
Агентлик номидан ишончномасиз фаолият кўрсатиш;
Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари, илмий-таълим муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини, шу жумладан, хорижий мутахассис ва экспертларни шартнома асосида жалб этиш;
Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий филиаллари, хориждаги ваколатхоналари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тежаб қолинган маблағларни Агентлик, унинг ҳудудий филиаллари ва хориждаги ваколатхоналари ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтириш;
Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
32. Агентлик директори:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиши;
Агентлик олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиши ва назорат қилиши;
давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиши;
ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичлари, даврий иш режалари ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ҳамда мезонларига сўзсиз эришилишини таъминлаши;
фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириши;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.
Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.
33. Агентлик директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга.
Агентлик директори ўринбосарлари мақоми, тиббий ва маиший таъминот шароитлари бўйича вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
Агентлик директори ва унинг ўринбосарларининг хорижий давлатларга хизмат сафарлари Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади.
6-боб. Ҳисобдорлик
34. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳар йили ҳисобот даври тугагач, Вазирлар Маҳкамасига давлат муассасаси фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ва Миграция бўйича республика комиссиясига бевосита ҳисобдор бўлади.
35. Агентликда қонунчиликда белгиланган тартибда ташқи аудит ўтказилади.
36. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органлар Агентлик директори зиммасига юкланган вазифалар самарали бажарилиши юзасидан уларнинг фаолияти устидан мунтазам мониторинг юритади, мониторинг натижаларига кўра давлат муассасаси фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.
37. Ҳужжатларнинг сақланиши ва белгиланган тартибда сақлашга берилиши учун Агентлик директори шахсан жавобгар ҳисобланади.
38. Агентликда белгиланган тартибда ташкил этиладиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритади.
7-боб. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда кўрсаткичлари
39. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам равишда баҳолаб борилади.
Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
40. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий филиаллари ва хориждаги ваколатхоналари бошлиқлари ва ходимлари ҳамда меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташелар фаолияти самарадорлиги Агентлиги директори томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
41. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги баҳолаш якунлари бўйича:
Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;
Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
8-боб. Агентлик ходимларини моддий-техник таъминлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари
42. Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Агентлик ходимларига иш ҳақи тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.
43. Агентлик ходимларини, жумладан ваколатхона (вакиллик) ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Агентлик раҳбарияти томонидан тасдиқланади.
9-боб. Якунловчи қоида
44. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
