Жамоатчилик кенгаши Хоразм вилоятида
2025-10-20 17:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси С.Ходжаева ҳамда Хоразм вилояти Ногиронлар жамияти раиси С.Қурбонова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Урганч шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз бўлган ташув хизматларини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган йўловчиларнинг шаҳар жамоат транспорти (автобуслар)дан фойдаланиши учун яратилган шароитлар, ушбу шахслар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш ҳолати юзасидан мониторинг тадбирларини олиб борди.
Дастлаб, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Хоразм вилояти транспорт бошқармасида бўлиб, Урганч шаҳри ва вилоят ҳудудида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар билан яқиндан танишди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ–59-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Урганч шаҳрида аҳолига сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
2024 йилда аҳолига қулай транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мақсадида Хитойдан 80 дона замонавий паст полли автобуслар олиб келинди. Ушбу ҳаракат таркиблари шаҳардаги 6 та автобус йўналишларига жойлаштирилди ва брутто шартномаси асосида йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади. Шаҳар бўйлаб, 5,5 км масофада автобусларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишлари учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди. Автобуслар оралиқ интервали икки баробарга яъни 10-15 дақиқадан 5-8 дақиқага қисқартирилди. Электрон усулда тўловларни амалга оширувчи йўловчиларга йўл ҳақидан чегирмалар тақдим этилиши йўлга қўйилди. Натижада аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси ўртача 26 % дан 38 % га етказилди.
Жамоатчилик кенгаши вакиллари шу ерда марказлашган диспетчерлик хизмати фаолияти билан яқиндан танишиб, брутто-шартномаси асосида йўналишларга бириктирилган автобусларнинг босиб ўтилган йўл ва сифат мезонлари бўйича баҳоланиши юзасидан “Хоразм йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” ДМ мутасаддиларидан батафсил жавоб олди.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши аъзолари транспорт инфратузилма объектлари, автобуслар оралиқ бекатлари ҳолати билан танишиб, соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар юзасидан аҳоли фикри билан қизиқди.






