Туркия билан юк ташувларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2025-04-21 10:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар 2023 йил ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти транспорт вазирларининг 12-йиғилишида имзоланган Баённома доирасида "Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия" орқали Осиё ва Европа ўртасидаги халқаро мултимодал транспорт йўлагини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этишди.
Шунингдек, юкларни Туркиянинг асосий логистика марказларида жамлаш ва кейинчалик уларни блок-поездлар орқали Ўзбекистонга жўнатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, томонлар "Америка қитъаси мамлакатлари – Туркия – Кавказ – Марказий Осиё" йўналишида юк ташиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш юзасидан ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Туркия томони Ўзбекистон делегациясини жорий йилнинг 25 июнда Истанбулда бир қатор давлатлар транспорт вазирлари иштирокида бўлиб ўтадиган "Транспорт ўзаро боғлиқлиги бўйича глобал форум-2025"да қатнашишга таклиф этди.

