МИЛЛИЙ ТАШУВЧИЛАР ДИҚҚАТИГА
2025-03-03 14:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Европа Иттифоқининг божхона тартиб-қоидаларидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида Европа комиссиясининг Доимий котибиятидан расмий хабар олди.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб темир йўл ва автомобиль транспорти орқали ЕИга транзит ёки экспорт қилинадиган барча товарларга тааллуқли бўлган Импорт назорати тизими 2 (ICS2) жорий этилади. Ушбу ўзгаришлар товарлар божхона пунктларига етиб келмасидан олдин уларнинг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш мақсадида божхона назорати тизимини жорий этиш билан боғлиқ.
Миллий ташувчилар учун Европа Иттифоқига экспорт ёки транзит ташувларда декларант билан ҳамкорликда ушбу жиҳатларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ.
ICS2 нима ва унинг аҳамияти нимада?
Импорт назорат тизими 2 (ICS2) - Европа Иттифоқининг янги тизими бўлиб, у товарлар етиб келишидан олдин хавфсизлик ва ҳимояни таъминлаш учун мўлжалланган. Бу тизим олдинги ICS1 тизимининг ўрнини эгаллайди.
Божхона декларантлари ICS2 тизими талабларига риоя этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Улар импорт божхона декларациясига (ENS) оид маълумотлар талабларини синчиклаб ўрганишлари, ташувчилар учун ҳужжатларни ўз вақтида ва аниқ расмийлаштирилишини таъминлашлари керак.
Янги тизим ташувчилардан, товарлар ЕИ чегараларига етиб келишидан олдин, декларантлар орқали электрон импорт божхона декларациясини (ENS) тақдим этишни талаб қилади. ENS жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақидаги маълумотлар, товарлар тавсифи, йўналиш ва транспорт тури, шунингдек, мажбурий хавфсизлик маълумотлари каби батафсил маълумотларни ўз ичига олиши шарт.
Жорий этиш санаси 2025 йил 1 апрелдан бошланиб, тизим темир йўл ва автомобиль транспортига татбиқ этилади. Унга риоя қилмаслик маҳсулотларнинг ЕИ ҳудудига киришида кечикишларга, жарималарга ёки рад этилишига олиб келиши мумкин.
ICS2 га қандай тайёргарлик кўриш керак?
2025 йил 1 апрелгача бўлган талабларга мувофиқ бўлиш учун божхона декларантлари қуйидаги фаол чораларни кўришлари лозим:
• ICS2 учун зарур бўлган ENS маълумотлар элементларини ўрганиб чиқиш ва Европа Комиссиясининг расмий йўриқномалари билан танишиб чиқиш.
• Зарур ҳолларда ахборот технологиялари тизимларини янгилаш ёки ишлаб чиқиш орқали ENS маълумотларини ICS2 га электрон тарзда тақдим этиш имкониятини таъминлаш.
• Ходимларни ICS2 тартиб-қоидалари ва муддатлари бўйича ўқитиш, бунда маълумотларни йиғиш ва талабларга мувофиқликни таъминлаш жараёнларига алоҳида эътибор қаратиш.
• Мижозлардан етказиб бериш ҳақидаги тўлиқ маълумотни олдиндан олишни таъминлаш учун шартномаларни янгилаб, маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш тартибини белгилаш.
• Агар томон ЕИда рўйхатдан ўтган бўлса, иқтисодий операторларни рўйхатдан ўтказиш ва идентификациялаш рақамидан (EORI) фойдаланиш ва зарурат туғилганда, ЕИ ҳамкорлардан тафсилотларни аниқлаштириш.
ЕИ Божхона директорати манфаатдор операторлар учун ICS2 тизими бўйича вебинар ўтказади. Вебинар 2025 йил 12 март куни Боку вақти билан соат 13:00 да (ГМТ+4) бўлиб ўтади.
Тадбирга уланиш ҳаволаси:
https://us06web.zoom.us/j/81268089711?pwd=P0LvdTbQgB0cwBIe8ysOEAaT71H5ol.1
Конференция идентификатори: 812 6808 9711
Кириш коди: 180530
Ёрдам олиш учун Европа Комиссиясининг Солиқ ва Божхона Иттифоқи Бўйича Бош Директоратига TAXUD-ICS2-PROJECT-TEAM@ec.europa.eu манзили орқали мурожаат қилишингиз мумкин. ICS2 тизими ҳақида батафсил маълумотни Европа Комиссиясининг https://ec.europa.eu/ICS2 веб-саҳифасидан топишингиз мумкин.
Транспорт вазирлиги Европа Иттифоқи билан узлуксиз савдо алоқаларини давом эттириш учун тайёргарлик кўриш ва белгиланган талабларга риоя қилишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлайди.
