Давлат сиёсати амалда: Нукусда жамоат транспорти қамрови кенгаймоқда
2026-11-16 16:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг моддий-техник базасини янгилаш, янги автобус йўналишларини ташкил этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборлиси, бу жараён фақат йирик шаҳар марказларини замонавий транспорт билан таъминлаш билангина чекланмаяпти. Чекка ҳудудлар ва маҳаллаларни ҳам жамоат транспорти билан қамраб олиш, аҳолининг кундалик ҳаракатланиши учун қулай ва тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бирига айланди.
Ушбу йўналишда жорий этилган брутто-шартнома тизими соҳадаги муҳим институционал ўзгаришлардан бири бўлди. Мазкур механизм орқали ташувчилар фаолиятини босиб ўтилган масофа ва хизмат сифати асосида баҳолаш, қатновлар мунтазамлигини таъминлаш, шунингдек, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар устидан самарали назорат ўрнатиш имконияти яратилмоқда.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам ўз иш режасига мувофиқ, жамоат транспортини ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросини жойларда ўрганиш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини таъминлаш ишларини изчил давом эттирмоқда.
Навбатдаги мониторинг тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳудудда аҳолига қулай, сифатли ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда истиқболдаги режалар билан танишди.
Дастлаб, Кенгаш вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасасида бўлиб, жамоат транспорти тизимининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан маълумот олди.
Рақамлар соҳадаги ўзгаришлар кўламини кўрсатмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 389 та йўналиш мавжуд бўлиб, уларда 140 та корхонага тегишли 2 522 та автотранспорт воситаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудда 5 та автовокзал, 17 та автостанция ва 1 395 та бекат фаолият юритмоқда.
Автобуслар паркини янгилаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан 70 та автобус харид қилинди. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан 2027 йил март ойига қадар яна 112 та автобус олиб келиниши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида замонавий автобуслар сонини ошириш ва йўналишлар қамровини кенгайтириш борасидаги чора тадбирлар натижасида бугунги кунда Нукус шаҳрида 68 та замонавий «Yutong» автобуси 5 та йўналишда брутто-шартнома асосида йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Жамоат транспорти қамровини шаҳар атрофидаги ҳудудларга кенгайтириш ҳам муҳим натижалардан биридир. Нукус шаҳри ва Хўжайли тумани маркази ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш мақсадида агломерация тамойили асосида янги йўналиш ташкил этилди. Хусусан, 2026 йил 9 ноябрдан бошлаб 2А-сонли «Ҳарбий гарнизон – Хўжайли автовокзали» йўналишида автобуслар ҳаракати Хўжайли тумани марказига қадар узайтирилди.
Бу каби ўзгаришлар, аввало, аҳолининг кундалик ҳаракатланиши учун қулайлик яратишга хизмат қилади. Йўналишлар қамровининг кенгайиши, автобус қатновларининг тизимли ташкил этилиши ва ягона транспорт хизматларининг ривожланиши фуқароларнинг вақт ҳамда йўл харажатларини тежаш имконини беради.
Мониторинг давомида Жамоатчилик кенгаши аъзолари марказлашган диспетчерлик хизмати фаолияти билан ҳам танишди. Брутто-шартнома асосида йўналишларга бириктирилган автобусларнинг босиб ўтган масофаси ва хизмат сифати мезонлари бўйича баҳоланиши юзасидан масъуллардан батафсил маълумотлар олинди.
Ўрганишлар фақат масъул ташкилотлар тақдим этган маълумотлар билан чекланиб қолмади. Кенгаш аъзолари автобус йўналишларида йўловчилар билан бевосита мулоқот қилиб, транспорт хизматларининг сифати, қатновлар мунтазамлиги ва аҳоли учун яратилган қулайликлар юзасидан фикр-мулоҳазаларни ҳам ўргандилар.
Зеро, жамоат транспорти соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси фақат харид қилинган автобуслар ёки ташкил этилган йўналишлар сони билан эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаётида яратилган қулайликлар билан ўлчанади.
Шу боис жойлардаги мониторинг, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш транспорт тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.







