“ВАЗИР КУБОГИ”: ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ!
2026-11-02 17:00:00 / Янгиликлар

30 октябрь – 1 ноябрь кунлари Тошкент давлат транспорт университети футбол майдонида бўлиб ўтган мусобақада Транспорт вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларидан 10 та жамоа, жами 100 нафар иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақада Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Транспорт назорати инспекцияси, Тошкент давлат транспорт университети, “Ўзаэронавигация” Маркази, “Транспорт илмий-тадқиқот маркази”, “Рақамли транспорт маркази”, “Тошкент метрополитени” АЖ, “Ўзавтовокзал сервис” ва “Ўзавтотранс сервис” ташкилотлари жамоалари иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган учрашувларда иштирокчилар нафақат футбол майдонидаги маҳоратларини, балки ғалабага бўлган интилиш, қатъият, ўзаро ишонч ва жамоавий ҳамжиҳатликни ҳам намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра, “Тошкент метрополитени” АЖ жамоаси барча рақибларидан устун келиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади ҳамда мусобақанинг бош соврини — “Транспорт вазири кубоги”ни қўлга киритди.
СОВРИНЛИ ЎРИНЛАР ҚУЙИДАГИЧА ТАҚСИМЛАНДИ:
1-ўрин — “Тошкент метрополитени” АЖ;
2-ўрин — “Ўзаэронавигация” Маркази;
3-ўрин — Транспорт назорати инспекцияси ва “Ўзавтотранс сервис” МЧЖ жамоалари.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тақдирланиб, уларга муносиб мукофотлар топширилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай спорт тадбирлари ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш билан бир қаторда, турли ташкилотлар вакиллари ўртасида ўзаро мулоқот, дўстона муносабатлар ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ягона транспорт тизими ходимлари ўртасида бирдамлик, корпоратив маданият ва умумий мақсад сари интилиш руҳини шакллантиради.
Транспорт вазирлиги мусобақада фаол иштирок этган барча жамоаларга миннатдорлик билдиради, ғолиб ва совриндорларни эса эришган натижалари билан самимий муборакбод этади!
Спорт — соғлом ҳаёт, жамоавийлик ва ғалаба сари интилиш рамзидир!









