Янгийўл – Тошкент йўналишида 300-сонли автобус қатнови тикланди
2026-11-02 14:00:00 / Янгиликлар
Шундай ишларнинг амалий ифодаси сифатида Янгийўл шаҳри ва Тошкент шаҳри ўртасида 300-сонли автобус қатновининг қайта тикланганини келтириш мумкин. ВҲ-300-сонли “Янгийўл АШБ – Тошкент (Жанубий вокзал АШБ)” автобус йўналиши 1963-йилда ташкил этилган бўлиб, 2026-йил июнь ойига қадар ушбу йўналишда мунтазам автобус қатновлари амалга ошириб келинган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва ташиш жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 16-февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–59-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Янгийўл шаҳрини Тошкент шаҳри билан боғловчи қатор янги автобус йўналишлари ташкил этилди.
Жумладан, 181-сонли “Олмазор метроси – Янгийўл деҳқон бозори”, 194-сонли “Ниёзбоши маҳалласи – Жанубий вокзал” ҳамда 1-сонли “Янгийўл юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳи – Шодлик маҳалласи” йўналишларида брутто-шартнома тизими асосида замонавий автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди.
Мазкур ўзгаришлар ҳудуд аҳолиси учун жамоат транспорти имкониятларини кенгайтириш ва ташиш хизматларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилди. Шу билан бирга, янги йўналишларнинг ташкил этилиши айрим йўловчиларнинг аввалдан фойдаланиб келган транспорт қатновига бўлган эҳтиёжини тўлиқ бартараф этмади. Хусусан, 300-сонли йўналишда автобус қатновлари тўхтатилганидан сўнг, маҳаллий аҳоли ва жамоатчилик фаолларидан ушбу йўналишни қайта тиклаш юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Фуқаролар мурожаатларида мазкур йўналишнинг кундалик қатновлар учун аҳамияти, Янгийўл ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги бевосита транспорт алоқасига бўлган эҳтиёж алоҳида таъкидланди. Келиб тушган мурожаатлар асосида йўналиш фаолияти қайта ўрганилиб, аввалги ВҲ-300-сонли “Янгийўл АШБ – Тошкент (Жанубий вокзал АШБ)” йўналиши ВШ-1180-сонли “Янгийўл АШБ (Тошкент вилояти) – Жанубий вокзал АШБ (Тошкент шаҳри)” вилоятлараро-шаҳарлараро автобус йўналиши сифатида қайта расмийлаштирилди.
Шундан сўнг мазкур йўналиш белгиланган тартибда очиқ электрон тендер танловига жойлаштирилди. Тендер натижаларига кўра, “ДЕЛФИН АВТО” МЧЖ билан 2822-сонли шартнома тузилиб, корхонага йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди. Бугунги кунда корхона томонидан Янгийўл автошоҳбекати ва Тошкент Жанубий вокзали ўртасида мунтазам автобус қатновлари амалга оширилмоқда.
Автобуслар йўналиш давомида Поябзал фабрикаси, Босмахона, Жунариқ маҳалласи, Тўрт қиз, Тинчлик, Чаманзор, Туябўғиз, Қуёшли бозори ҳамда Чилонзор буюм бозори каби оралиқ бекатлар орқали ҳаракатланади. Йўналишда йўлкира ҳақи 5 000 сўм этиб белгиланган. Шунингдек, йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электрон тўлов тизими ҳам жорий этилган.
