«ВАЗИР КУБОГИ» УЧУН ФУТБОЛ БАҲСЛАРИ БОШЛАНДИ!
2026-10-31 16:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, жисмонан соғлом, маънан баркамол ва фаол фуқаролар жамият тараққиётининг муҳим таянчидир.
Ушбу устувор вазифалар ижроси доирасида Транспорт вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотларида ҳам ходимларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 30–31 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари Транспорт вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида футбол бўйича «Вазир кубоги» мусобақаси ташкил этилгани бу борадаги амалий ташаббуслардан биридир.
Тошкент давлат транспорт университетининг футбол майдонида ўтказилаётган мазкур мусобақада 10 та жамоа таркибида жами 100 нафар иштирокчи бош соврин учун баҳс олиб бормоқда.
Унда Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Транспорт назорати инспекцияси, Тошкент давлат транспорт университети, «Ўзаэронавигация» маркази, «Транспорт илмий-тадқиқот маркази» МЧЖ, «Рақамли транспорт маркази» ДМ, «Тошкент метрополитени» АЖ, «Ўзавтовокзал сервис» МЧЖ ҳамда «Ўзавтотранс сервис» МЧЖ жамоалари иштирок этмоқда.
Мазкур мусобақанинг аҳамияти фақатгина спорт майдонидаги ғолиблик учун кураш билан чекланмайди. У, аввало, бир тизимда фаолият юритаётган турли ташкилотлар ходимларини ягона мақсад атрофида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамоавий масъулият ва ташаббускорликни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Зеро, спортда шаклланадиган интизом, қатъият, масъулият, ўзаро ишонч ва жамоа манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйиш каби фазилатлар меҳнат фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, транспортдек мураккаб ва кўп тармоқли соҳада турли ташкилотлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва жамоавий ёндашувнинг аҳамияти беқиёс.
Шу нуқтаи назардан, «Вазир кубоги» мусобақаси нафақат ходимларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, балки вазирлик тизимида соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш, корпоратив маданиятни ривожлантириш ва ягона жамоа руҳини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътиборга лойиқ.
Зеро, соғлом ходим — самарали меҳнат, жипс жамоа эса тараққиёт ва юксак натижалар гаровидир.
Спорт майдонида бошланган дўстона рақобат ва ҳамжиҳатлик руҳи кундалик меҳнат фаолиятида ҳам давом этиб, транспорт соҳаси олдида турган вазифаларни биргаликда ва юқори масъулият билан амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.








