Автобус ҳайдовчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизими юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-09-22 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбир очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида, очиқ мулоқот шаклида ўтказилди. Унда 15 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда жамоатчилик фаоллари, 100 нафардан ортиқ автобус ҳайдовчилари бевосита иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — автобус ҳайдовчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими, ойлик иш ҳақининг шаклланиши, рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш мезонлари ҳамда ушбу йўналишда жамоатчиликни қизиқтираётган масалаларга аниқлик киритишдан иборат бўлди.
Иш ҳақи ҳисобланиши юзасидан тушунтиришлар
Матбуот анжуманида ҳайдовчиларнинг ойлик иш ҳақи қандай тартибда шаклланиши, унинг таркибий қисмлари ҳамда иш ҳақи миқдорига таъсир қилувчи омиллар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ҳайдовчиларга бериладиган рағбатлантирувчи тўловлар қайси мезонлар асосида ҳисобланиши, уларнинг хизмат сифати, меҳнат интизоми ва белгиланган талабларнинг бажарилиши билан боғлиқ жиҳатлари тушунтириб берилди. Ҳайдовчиларнинг иш ҳақи камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам алоҳида муҳокама қилиниб, амалдаги тартиблар юзасидан изоҳлар берилди.
Ҳайдовчилар саволларига бевосита жавоб олди
Очиқ мулоқот давомида 100 нафардан ортиқ автобус ҳайдовчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутасаддиларга бевосита саволлар билан мурожаат қилди. Ҳайдовчилар томонидан иш ҳақи ҳисоб-китоби, рағбатлантириш тизими, меҳнат фаолиятини баҳолаш, иш шароитлари ва бошқа масалалар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат бўйича тегишли мутасаддилар томонидан тушунтиришлар берилиб, ҳайдовчиларни қизиқтирган саволларга очиқ жавоб қайтарилди. Ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим автобус ҳайдовчиларининг эътирозлари акс этган видеолавҳалар юзасидан ҳам батафсил изоҳ берилди. Мазкур ҳолатлар бўйича мавжуд вазият, иш ҳақи ҳисоб-китоблари ва амалдаги меҳнат ҳамда рағбатлантириш тартиблари юзасидан ОАВ вакиллари ва жамоатчиликка тушунтиришлар тақдим этилди.
ОАВ ва блогерлар билан очиқ мулоқот
Матбуот анжуманида 15 дан ортиқ ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳам фаол иштирок этиб, мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни йўллади. Журналистлар томонидан ҳайдовчиларнинг иш ҳақи, рағбатлантириш тизими, меҳнат шароитлари, хизмат сифати ва соҳада мавжуд муаммолар юзасидан саволлар берилди. Мутасаддилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар тақдим этилди.
Тадбирнинг муҳим жиҳати шундаки, унда масала фақат мутасаддилар ва ОАВ вакиллари ўртасида эмас, балки бевосита автобус ҳайдовчилари иштирокида муҳокама қилинди. Бу эса ҳайдовчиларнинг ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита кўтариш, саволларига жавоб олиш ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан очиқ фикр алмашиш имконини берди.








