Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди
2026-07-22 13:10:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳани мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги тарихий қадам сифатида эътироф этди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда иқтисодиёт уч баравар ўсди ва 2030 йилгача унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни стратегик устувор вазифага айлантирмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудидан 4 минг километр халқаро транзит йўллари ўтади. Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон темир йўллари ишга туширилиши билан мамлакатимиз Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик транспорт йўлагининг муҳим бўғинига айланади.
Янги автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километр, қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннель типидаги ўтиш жойи барпо этилади. Йўл оғир юкламаларга бардошли монолит бетон қоплама билан қурилиб, айрим участкаларда транспорт воситаларининг соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиши учун шароит яратилади.
Магистраль фойдаланишга топширилгач, Тошкент–Самарқанд ўртасидаги сафар вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради, йўлнинг кунлик ўтказувчанлик қуввати 60–80 минг транспорт воситасини ташкил этади, юк ташиш таннархи эса 20–24 фоизга камайиши кутилмоқда.
Лойиҳа нафақат транспорт қатновини сезиларли даражада яхшилайди, балки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш, логистика тизимини ривожлантириш, янги инвестицияларни жалб этиш ва минглаб янги иш ўринларини яратишга хизмат қиладиган муҳим инфратузилмавий ташаббус ҳисобланади.




