“Иқтидорли ёш транспортчилар – 2026” пилот лойиҳаси
2026-06-22 16:00:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида Транспорт вазирининг 2026 йил 13 майдаги “Тошкент давлат транспорт университетининг иқтидорли талабаларини саралаш ва карьера модели асосида ривожлантириш тизимини яратиш тўғрисида”ги 81-сон буйруғи тасдиқланди.
Буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида университетнинг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаётган талабалар орасидан энг иқтидорли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшларни аниқлашга қаратилган кўп босқичли танлов ташкил этилди.
Танлов жараёнларида номзодларнинг касбий билимлари, таҳлилий фикрлаш қобилияти, хорижий тилларни билиш даражаси, шунингдек, раҳбарлик ва мулоқот кўникмалари комплекс баҳоланди.
Жумладан, танловнинг биринчи босқичида 300 га яқин номзодлар орасидан диплом балининг ўртача кўрсаткичи юқори бўлган ҳамда хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатларга эга 66 нафар номзодлар саралаб олинди.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорликда иштирокчиларнинг билим даражаси ва интеллектуал салоҳиятини баҳолаш мақсадида давлат хизматчиларини синовдан ўтказишнинг махсус модули асосида тест синовлари ташкил этилди.
Мазкур синовлар натижаларига кўра, кейинги босқичларда иштирок этадиган 28 нафар номзодлар саралаб олинди.
“Иқтидорли ёш транспортчилар – 2026” пилот лойиҳаси транспорт соҳаси учун юқори малакали, замонавий дунёқарашга эга ҳамда келгусида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишга қодир ёш мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида номзодларнинг амалий кўникмалари ва лидерлик салоҳиятини баҳолашга қаратилган тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.




