Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш ва уни эксплуатация қилиш бўйича ДХШ шартномаси имзоланди
2026-06-17 18:00:00 / Янгиликлар

Мазкур шартномага мувофиқ Янги аэропорт 35 йил муддатга давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида ташқи бошқарувга берилиб, лойиҳа Саудия Арабистони, Япония ва Корея Республикасининг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Янги аэропорт мажмуаси 2026-2030 йиллар давомида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудидаги 1 310 гектар майдонда барпо этилиб, лойиҳа доирасида дастлабки босқичда қарийб 3 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида амалдаги аэропорт терминалидан 4 баробар катта бўлган янги замонавий йўловчи терминали қад ростлайди ҳамда дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади, истиқболда эса ушбу кўрсаткич 46 миллионга етади.
Йўловчиларга қулайликлар яратиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги терминалда илғор ахборот технологияларига асосланган тезкор рўйхатдан ўтказиш, хавфсизликни таъминлаш ва юкни қайта ишлаш тизимлари жорий этилади.
Шунингдек, йўловчилар оқимини тез ва қулай тарзда йўналтириш мақсадида жами 40 дан ортиқ телескопик траплар ҳамда 160 дан ортиқ ҳаво кемалари тураргоҳлари ташкил этилади.
Аэропортда қурилаётган 2 та учиш-қўниш йўлагида бир вақтнинг ўзида самолётларнинг учиши ва қўниши учун имконият яратилади. Бунинг натижасида, соатига 30 дан ортиқ учиш-қўниш операциялари амалга оширилади. Энг илғор навигация, метеорологик ва хавфсизлик тизимлари – барча турдаги ҳаво кемаларини ҳар қандай об-ҳаво шароитида қабул қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, аҳоли ва юртимиз меҳмонларининг аэропорт ҳудудига етиб олиши учун қулай транспорт ечимлари ишлаб чиқилган бўлиб, автомобиль йўли ва маҳаллий темир йўл қатновлари орқали пойтахт ва вилоятлар билан узвий боғланади.
Мазкур аэропорт нафақат юртимизнинг иқтисодиёти ва туризм соҳаси ривожига, балки бутун минтақа авиация харитасидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


