Халқ артистлари энди аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги VIP заллардан бепул фойдаланади
2026-06-15 18:00:00 / Янгиликлар

Фармонга мувофиқ, соҳа вакилларининг ижтимоий таъминотини янада мустаҳкамлаш мақсадида, бир қатор имтиёзлар белгиланган.
Шулардан бири, давлат мукофотлари билан тақдирланган бир қатор шахсларга республика ҳудудидаги аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги VIP заллардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди.
15 июндан бошлаб, мазкур имтиёз “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳиблари, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон ифтихори”, “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”, “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ шоири”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи” фахрий унвонлари соҳибларига татбиқ этилади.
Бугун ушбу имтиёздан илк бор давлат мукофотлари соҳиблари бўлган Ўзбекистон халқ артистлари Тошкент аэропорти ҳамда Тошкент марказий темир йўл вокзалидаги VIP заллар хизматларидан бепул фойдаландилар.
Мазкур янгилик мамлакатимизда маданият ва санъат аҳлига қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг кўп йиллик самарали меҳнати ва ижодий фаолиятига билдирилаётган ҳурматнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.







