Транспорт вазири Латвия Республикаси элчиси билан учрашди
2026-06-16 10:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар икки томонлама муносабатлар ривожланишининг ижобий динамикасини қайд этиб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи минтақасидаги асосий логистика марказлари сифатида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги транспорт ҳамкорлигининг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Автомобиль ва темир йўл транспорти ҳамда ҳаво қатнови соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари учрашув давомида муҳокама этилди.
Хусусан, Латвияга ва у ердан транзит орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга оширувчи ўзбек миллий ташувчиларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, темир йўл транспортида ташиладиган бир қатор юклар учун тарифлар билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Элчи жаноблари, Латвия томонининг Ўзбекистон темир йўл тармоғини трансформация қилиш борасидаги тажрибасига қизиқишини, шунингдек, Латвия томонининг темир йўл таркиби учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмларга бўлган эҳтиёжини билдирди.
Учрашувда шунингдек, мамлакатлар ўртасида ҳаво қатновини ривожлантириш, учувчилар ва авиация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди.



