Транспорт университети талабасининг инновацион лойиҳаси Президент эътирофига сазовор бўлди
2026-05-22 17:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз бўйлаб келиб тушган 1 300 дан ортиқ ташаббуслар орасидан сараланиб, “ТОП-10” рўйхатига киритилган ушбу лойиҳа шахсан давлатимиз раҳбари томонидан таҳлил қилиниб, юксак эътироф этилди ҳамда муаллифга махсус сертификат ва пул мукофоти топширилди.
Ойшахон Қодирова томонидан Давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинган ушбу “Бионик кўчат экиш” лойиҳаси қишлоқ хўжалигида инсон меҳнатини енгиллаштириш ва иш унумдорлигини кескин оширишга қаратилган.
Лойиҳага кўра, автомат режимда ишловчи мини-трактор бир вақтнинг ўзида ерни текислаш, чуқур қазиш, озуқа ташлаш, сув қуйиш ҳамда кўчат экиш функцияларини тўлиқ бажаради. Хорижий муқобилларидан бир неча баробар арзон бўлган ушбу ускуна ёрдамида кўчатларнинг нобуд бўлиш хавфи камайиб, иш самарадорлиги 4-5 баробарга ортиши кутилмоқда.
Президентимизга қилинган муваффақиятли тақдимотдан сўнг, ушбу истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий механизмлари қатъий белгилаб берилди. Умумий қиймати 300 миллион сўмга баҳоланган ушбу ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда тажриба-синовдан ўтказилиб, келгусида тўлиқ тижоратлаштирилади.
Транспорт университети ёшларининг давлат миқёсидаги энг нуфузли минбарларда, шахсан Юртбошимизга ўз илмий ечимларини дадил тақдим этаётгани ва амалий қўллаб-қувватловга эришаётгани олийгоҳ тайёрлаётган муҳандис кадрларнинг юксак салоҳиятидан далолат беради.

