Транспорт вазири жамоатчилик кенгаши аъзолари билан очиқ мулоқот ўтказди
2026-05-19 14:00:00 / Янгиликлар

Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг уйғунлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти жамоатчилик кенгашларининг роли ва аҳамиятини оширишдан иборатдир.
Зеро, Жамоатчилик кенгашлари давлат ва жамият ўртасидаги муҳим кўприкдир. Улар давлат идоралари фаолияти устидан мониторинг олиб боради, коррупциянинг олдини олишда ҳамкор бўлади ва энг муҳими, фуқароларнинг овозини қарорлар қабул қилиш жараёнига етказади.
18 май куни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда транспорт вазири И.Махкамов, кенгаш аъзолари иштирок этди.
Йиғилиш давомида жамоатчилик назоратини кучайтириш, транспорт вазирлиги, унинг тизим ва соҳавий ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, фуқаролар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда, иштирокчилар Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдиришди. Тадбирда Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан илгари сурилган ташаббуслар келгусидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва фикрлар асосида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда келгусидаги фаолиятда уларни инобатга олиш бўйича келишиб олинди.







