Транспорт вазири ўринбосари ОИИБ вице-президенти билан учрашди
2026-05-08 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Ж.Турсунов, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси биринчи ўринбосари Х.Рахметов ҳамда “Uzbekistan Airports” вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида мамлакатимиз транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида банк молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама этилди.
Хусусан, айни дамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида А380 “Ғузор - Бухоро - Нукус - Бейнеу” автомобиль йўлининг 150 — 228-км (78 км) қисми реконструкция қилинмоқда.Йўл инфратузилмасини ривожлантириш доирасидаги ҳамкорликни яна бошқа бир нечта йирик лойиҳаларда давом эттириш икки томонлама учрашувнинг бош мақсади бўлди.
Жумладан, Республикамизнинг Хоразм вилоятида (188 км), Қорақалпоғистон Республикасида (328 км), Бухоро вилоятида (158 км) умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, ОИИБ темир йўл линияларини электрлаштириш, шунингдек, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли бўйлаб логистика марказлари ва қуруқ портлар қурилиши лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Бундан ташқари, Константин Лимитовский ОИИБнинг янги Тошкент ва Бухоро аэропортларини қуриш лойиҳаларида иштирок этиш режалари ҳақида маълум қилди.
Маълумот учун: Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) — Осиё-Тинч океани минтақасида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро молиявий институт ҳисобланади.


