Йўл ҳаракати хавфсизлиги – ёшлар ва жамият учун муҳим масала
2026-04-23 16:45:00 / Янгиликлар

23 апрель куни “Пайшанба — Ёшлар куни” муносабати билан талаба-ёшларни йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга ундаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий масъулияти ва шахсий хавфсизликка бўлган қарашларини ривожлантириш масалаларига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Чирчиқ автомобиль ўқув ишлаб чиқариш комбинати” МЧЖда ташкил этилган тадбирда Тошкент давлат транспорт университети талабалари, академик лицей ўқувчилари, “Тошкент метрополитени” ДУК ҳамда Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ёшлари иштирок этди.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан йўл ҳаракати қоидалари, кенг тарқалган қоидабузарликлар ҳамда улар учун жорий этилган жарима баллари тизими ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, пиёдалар ҳаракати қоидаларига риоя этиш, йўлни фақат белгиланган ўтиш жойларидан кесиб ўтиш зарурлиги ҳамда ушбу талабларга амал қилинмаганда юзага келиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Шу билан бирга тажрибасиз, ёш ҳайдовчилар автотранспорт воситасини бошқариш жараёнида ёл қўядиган асосий хато ва камчиликлар, ҳайдовчилар кўра олмайдиган ва аҳамият бермайдиган хавфли ҳудудлар “Кўр зоналар” ҳақида автомактаб ўқитувчилари томонидан тушунтиришлар берилди.
Автомактаб бўйлаб ташкил этилган экскурсия давомида иштирокчилар махсус ўқув полигонида транспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари томонидан ёшларга йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасида тавсиялар берилди. Шунингдек, йўлларда эҳтиёткорликни ошириш, қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда ўзи ва бошқалар асрашнинг муҳимлиги яна бир бор таъкидланди.








