Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари транспорт вазирларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтди
2025-11-13 14:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири И.Махкамов, Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникация вазири А.Сыргабаев, Тожикистон Республикаси транспорт вазири А.Иброҳим, Қозоғистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Т.Ластаев, Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ш.Мередов ҳамда Озарбайжон Республикаси транспорт ва рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Ж.Гурбанов иштирок этишди.
Учрашув иштирокчилари ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик, савдо ва транспорт-логистика занжирларининг узилиши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларининг кескинлашуви шароитида ўзаро ҳамкорликнинг долзарблиги сезиларли даражада ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Бундай шароитда ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излаш, умумий ва ўзаро манфаатли мақсад ва вазифаларни илгари суриш бўйича биргаликдаги ишларни янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашувда транспорт вазири И.Махкамов Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг 2035 йилгача бўлган стратегик йўналишларини белгилаб берувчи "CATRANS – 2035" ҳужжати лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ушбу ҳужжат халқаро савдо-логистика занжирларига интеграциялашган ягона, самарали, рақамли ва экологик транспорт маконини яратишга қаратилган.
Ҳужжат лойиҳаси учта асосий йўналишни ўз ичига олади - инфратузилмани модернизация қилиш, рақамли трансформация ва институционал мувофиқлаштириш.
CATRANS-2035 стратегиясини амалга ошириш натижасида Марказий Осиёнинг транспорт интеграциясининг янги босқичи учун мустаҳкам пойдевор яратилиб, минтақамиз Евросиёнинг асосий логистика марказларидан бирига айланишига хизмат қилади.
Вазир И.Махкамов мазкур ҳужжатни келишиш жараёнини якунлашни ва уни транспорт вазирларининг кейинги йиғилишида имзолашни ҳамда кўзда тутилган ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича "Йўл харитаси"ни тайёрлашни таклиф этди.
Йиғилиш иштирокчилари Марказий Осиёнинг ишончли шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайдиган транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватладилар.
Марказий Осиё мамлакатлари транспорт вазирларининг учинчи учрашуви якунида Тошкент коммюникеси имзоланди.





