Миграция агентлиги раҳбарининг “Германия тиббиёт академияси” лойиҳасининг очилиш маросимидаги нутқи
2025-10-22 18:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги номидан ва шахсан ўз номимдан, сизларни бугунги тарихий воқеа – “Германия тиббиёт академияси”нинг очилиши билан чин дилдан табриклайман!
Бугун биз нафақат янги таълим муассасаси эшигини очаяпмиз. Биз – икки халқ дўстлигини, илм ва инсонпарварликни бирлаштирган янги даврни бошлаяпмиз.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Германия ўртасида тиббиёт ва меҳнат миграцияси соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик тизими яратилди. 2024 йил сентябрда, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц иштирокида “Миграция ва мобиллик бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Битим” имзоланди. Бу келишув икки давлат ўртасида меҳнат ресурслари алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, хусусан, тиббиёт кадрларини халқаро стандартларда тайёрлашга замин яратди.
Хабарингиз бор, Миграция агентлиги 2021 йилда Швейцариянинг Globogate Concept AG компанияси билан ўзаро ҳамкорлик битимини имзолаган эди. Шунда, лойиҳа фақатгина Тошкент шаҳрида ташкил этилган эди. Кейинчалик, ҳудудлар сони кенгайиб, қўшимча тарзда, Андижон, Қарши ва Наманган вилоятларида ҳам қўшма ўқув курсларини ташкил этдик.
Бу албатта осон бўлмади. Лойиҳани ўзбекистонлик асосчиси Гулнора Асатуллаевна ҳам бу гапларимни тасдиқлайди.
Умуман олганда, ҳамкорлик доирасида 2023–2025 йилларда Globogate билан ҳамкорликда мазкур ҳудудларда 1200 нафар ҳамшира немис тили ва касбий тайёргарлик курсларини тамомлади. Ҳозирда ўқув жараёнлари давом этмоқда. Уларда 590 нафар фуқаролар ўқитилмоқда.
Шу пайтга қадар 450 нафар битирувчи Германия клиникаларида – хусусан Аахен университет клиникаси, Asklepios, Enzkreis, Salus Altmark, Karls-rue госпиталларида иш фаолиятини бошлади.
Улар айни вақтда Германияда ҳамшира ва ҳамшира ёрдамчиси сифатида ишламоқда ва иш ҳақи ўртача 2500 еврони ташкил этмоқда. Ушбу тажриба орқали Ўзбекистон ва Германияда тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимидаги фарқларни аниқлаш имкони бўлди.
Шунинг учун биз халқаро мувофиқлаштирилган, уч йиллик таълим дастурига асосланган ягона моделни яратишга киришдик. Деарли бир йил давомида – Агентлик, Олий таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Globogate ва Аахен университет клиникаси билан ҳамкорликда халқаро ҳамширалик таълим дастури ишлаб чиқилди.
Дастурга Германиянинг 5 та тафовут амалий тиббий фанлари киритилди. Немис тили соатлари уч баробар оширилди. Таълим жараёни тўлиқ Германия стандартларига мослаштирилди. Бу ташаббусга ўз ҳиссасини қўшган барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдираман. 2025/2026 ўқув йили учун муҳтарам Президентимиз томонидан 750 та махсус квота ажратилди. Кейинги ўқув йилида бу кўрсаткични 1 500 та квотагача оширишни режалаштирмоқдамиз.
Бу Академияда таҳсил олган ёшлар B2 даражадаги немис тили сертификати билан битиради ва уларнинг дипломи Германияда тўғридан-тўғри ҳамшира сифатида ишлаш ҳуқуқини беради.
Шу билан, бугунгача кетган кадрлар илк 7-8 ой мобайнида “ҳамшира ёрдамчиси” сифатида ишлаб сўнгра лицензия олган бўлса, эндиликда мазкур академия битирувчилари Ўзбекистонни ўзида Германияда тўлиқ тан олинган тиббиёт мутахассиси сифатида ишга жўнатилади.
Ҳурматли иштирокчилар, бугунги очилиш нафақат янги таълим муассасасининг очилиши эмас, балки янги тарихнинг бошланишидир.
Бу лойиҳа ёшларимизга – билим, халқимизга – шифо, мамлакатимизга – шон-шараф олиб келади.
Миграция агентлиги сифатида биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашни ва уни янада кенгайтиришни давом эттирамиз.
