Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари Италияда иш фаолиятини бошладилар
2025-10-13 16:50:00 / Янгиликлар

Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва тиббиёт соҳаси мутахассисларига Европа давлатларида қонуний ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлашни мақсад қилади.
Халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Жорий йил май ойида Италия Бош вазири Жоржия Мелони хонимнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Миграция ва мобиллик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзоланган эди.
Шунингдек, июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этган Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана билан учрашуви чоғида, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида кенг кўламли шерикликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.
Музокаралар ва келишувлар натижаси
Мазкур келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Миграция агентлиги раҳбарияти Италияга хизмат сафари чоғида Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, Италия Соғлиқни сақлаш вазири Гвидо Бертолазо ҳамда бир қатор идора ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Музокаралар якунида меҳнат миграцияси бўйича беш йиллик ҳамкорлик режаси тузилди. Унга мувофиқ, 2026 йилда 3,5 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланиши режалаштирилган.
Пилот лойиҳа доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан танлаб олинган 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари тилга тайёргарликсиз синов тариқасида юқори маошли 3 ойлик иш фаолиятини Италияда бошладилар. Улар иш жараёнида итальян тилини ўрганиш ҳамда маҳаллий тиббиёт тизимига мослашиш имкониятларини ўрганадилар.
Таълим ва малака алмашинуви
Пилот дастурнинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Италия тиббиёт тизимлари ўртасидаги фарқларни таҳлил қилиш, иш усулларини таққослаш ва келгусида самарали интеграцияни таъминлашдан иборат. Шунингдек, итальян тилига кўникма ва ишга мослашиш даврини белгилаш имконияти туғилади.
Италиялик мутахассислар ҳам ўз навбатида Ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини малакасини баҳолайди. Синов тариқасида юборилган илк гуруҳ Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, касб хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилади ва кейинчалик Италияда ишлаш истагини билдирган 3500 нафар ўрта тиббиёт ходимлари шу дастур асосида Ўзбекистонда ўқитилиб, Италияга ишга жойлаштирилади.
Халқаро эътироф ва истиқболлар
Италиянинг етакчи нашрлари бу ташаббусни “ҳамкорлик ва инсон салоҳиятини ривожлантириш модели” сифатида эътироф этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон тиббиёт тизимига юқори баҳо берилган ҳамда ходимларининг малакасига эҳтиёж ортиб бораётгани қайд этилган.
Миграция агентлиги томонидан мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, келгусида бошқа Европа давлатлари билан ҳам тиббиёт мутахассисларини ишга юбориш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бу ташаббус – меҳнат миграциясида инсонпарвар ва тизимли ёндашувни ҳаётга татбиқ этиш, ҳамда юртимиз мутахассисларига халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш имкониятини яратишга хизмат қилади.





