Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий мақомини тартибга солиш
2025-02-21 15:55:00 / Янгиликлар

2025 йил 1 январ санасидан эътиборан, Россия Федерацияси Президентининг 2024 йил 30 декабрда қабул қилинган № 1126-сонли Фармонига мувофиқ , визасиз тартиб жорий қилинган давлатларнинг фуқароларига хусусан, Ўзбекистон фуқаролари учун 2025 йил 30 апрелга қадар ҳуқуқий мақомларини тартибга солиб, патент олиш имконияти берилди.
Бунинг учун Россия Федерациясида ишлаш истагидаги чет эл фуқаролари ваколатли органлар – Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг “Паспорт-виза хизмати” Давлат унитар корхонаси (Федеральное государственное унитарное предприятие «Паспортно-визовый сервис» Министерства внутренних дел Российской Федерации) ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Москва шаҳри ва Москва вилоятида бўлиб турганлар “Сахарово” кўп тармоқли миграция марказига (Многофункциональный миграционный центр “Сахарово”ММЦ) бундай марказлар бўлмаса, Федерал миграция хизмати ҳудудий бошқармасига (Федеральная миграционная служба России ФМС России) мурожаат қилиб, ўз мақомини қонунийлаштиришлари учун ариза топширишлари керак.
I. БИРИНЧИ ҚАДАМ.
Чет эллик фуқаролар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг “Назорат қилинадиган шахслар реестри”дан (https://mvd.rf/rkl?ysclid=m6t0efy7s8760331040) ўзларининг ҳуқуқий ҳолатларини текширишлари лозим.
Сиз рўйҳатда бўлсангиз, демак мақомингизни қонунийлаштиришингиз зарур.
II. ИККИНЧИ ҚАДАМ.
Қонунийлаштириш мақсадида ариза топширишдан олдин Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ тўланиши лозим бўлган мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик (солиқлар, жарималар ва ҳ.к.) ва ижро иши бўйича очилган жарималар мавжуд бўлмаслиги лозим ( https://fssp.gov.ru/iss/ip/ ).
Қарздорлик мавжуд бўлса, унда сиз барча қарздорликни тўлашингиз керак.
III. УЧИНЧИ ҚАДАМ.
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Паспорт-виза хизмати” (ФГУП «Паспортно-визовый сервис» МВД России) Давлат унитар корхонасининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Москва шаҳри ва Москва вилоятида бўлиб турганлар “Сахарово” кўп тармоқли миграция марказига (Многофункциональный миграционный центр ММЦ) бундай марказлар бўлмаса, Федерал миграция хизмати ҳудудий бошқармасига (Федеральная миграционная служба России ФМС России):
- Паспорт.
- Миграция картаси (агар миграция картаси йўқ бўлса, унинг дубликатини олиш учун сиз рўйхатдан ўтган ҳудуддаги Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция Бош бошқармасининг ҳудудий бўлимига мурожаат қилиб олишингиз мумкин)ни олиб борасиз.
У ерда Сиз томонингиздан мажбурий тўловлар бўйича қарздорлигингиз йўқлиги тўғрисидаги декларация тасдиқлаб берилади (декларация “Паспорт-виза хизмати” Давлат унитар корхонасининг ҳудудий бўлинмаси томонидан тақдим этилади).
IV.ТЎРТИНЧИ ҚАДАМ.
Қонунийлаштириш жараёни ва тартиблари:
1. Дактилоскопик (бармоқ изи) рўйхатдан ўтиш ва суратга тушиш;
2. Тиббий кўрикдан ўтиш;
3. Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича имтиҳон топшириш (амалдаги сертификат бўлса топшириш талаб этилмайди);
4. ИСП полиси (ихтиёрий суғурта полиси) расмийлаштирилади;
5. Мурожаат этилган миграция хизмати томонидан чет эл фуқаросини Россия Федерациясида бўлиш (яшаш) тартибини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, фақатгина жарима қўлланилади (жарима миқдори фуқарони турган ҳудудига боғлиқ бўлиб, 2 000 дан 7 000 рублгача бўлади). Бунда, маъмурий чиқариб юбориш жазоси (депортация) қўлланилмайди (жарима тўлатиш юзасидан берилган баённома маъмурий жавобгарликка олиб келмайди).
V. БЕШИНЧИ ҚАДАМ.
Қонунийлаштириш бўйича ариза қабул қилинганидан сўнг Сизга махсус маълумотнома берилади ва Сиз 7 иш куни ичида Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига мурожаат қилиб, миграция ҳисобига (регистрация) қўйилишингиз керак.
Ушбу маълумотнома асосида чет эл фуқаросига яшаш учун жой тақдим этган россиялик шахс томонидан 7 иш кунида Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига мурожаат қилиб, миграция ҳисобига (регистрация) қўйиши лозим.
Миграция ҳисобига қўйиш чет эл фуқаросининг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш учун мажбурий талаб ҳисобланади.
VI. ОЛТИНЧИ ҚАДАМ.
Патент расмийлаштириш жараёни:
Патент расмийлаштириш учун ариза тўлдирилади. Бунда фуқарога ариза қабул қилинганлиги хақида маълумотнома берилади.
Патентни олиш учун қўйидаги ҳужжатларни тақдим этасиз:
1. Фуқаролик паспорти;
2. Миграция ҳисобига қўйилганлиги тўғрисидаги билдиришнома (регистрация қоғози);
3. Даромад солиғини (патент) тўлаганлик ҳақида квитанция.
VII. ЕТТИНЧИ ҚАДАМ.
Патентни олганингиздан сўнг қўйидаги талабларни бажаришингиз керак:
1. Чет эл фуқароси 2 ой ичида Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органига меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги ҳақида белгиланган тартибда хабар бериши;
2. Патент муддатини узайтириш ва Россия Федерацияси ҳудудида қонуний бўлиш муддатини сақлаб қолиш учун ҳар ойда патент тўловини амалга ошириши;
3. Чет эл фуқароси миграция ҳисобини (регистрация) патент муддати давомида узайтириб бориши керак.
Агарда чет эл фуқароси ҳуқуқий мақомини тартибга солиш имкониятидан фойдаланмаса, Россия Федерациясида ноқонуний равишда қолишда давом этса, у назорат остидаги шахслар реестрига киритилади.
Бу унга нисбатан Федерал қонун (25.07.2002 йил, №115-ФЗ) асосида айрим ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш бўйича чекловлар қўлланилишига сабаб бўлади.
Жумладан, “Назорат остидаги шахслар реестри” га киритилган шахсларга банкларда ҳисоб рақам очилмайди, никоҳни қайд этиш ва мол-мулк харид қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланишда чекловлар ўрнатилади. Шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини чеклаш, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига имтиҳон топширишга рухсат бермаслик, Россия миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, алмаштириш ёки янгилашни рад этиш ҳам белгиланган. Қолаверса, Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижликларнинг ёш болаларини мактаб ва болалар боғчаларига қабул қилиш ҳам мумкин эмас. Эътиборлиси, шу тоифадаги шахсларга хизмат кўрсатганлик учун жарима қўлланилади.
Мазкур реестрдаги чет эл фуқароларини Россия Федерациясидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш (выдворение) ҳуқуқи, 2025 йил 5 февралдан бошлаб суд орқали эмас, балки ички ишлар органларига (полиция) ҳам берилганлигини эслатиб ўтамиз.
Агарда фуқаро аввалги даврларда Россиядан маъмурий чиқариб юбориш ҳақида чоралар, ишлаш рухсатномаси (патент) беришни рад этувчи асослар мавжуд бўлса, бундай тоифадаги чет эл фуқароларига ушбу фармон қўлланилмайди.
Россия Федерациясида 3 ойдан ортиқ вақт қолмоқчи бўлган ва вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз ҳуқуқий мақомни тартибга солиш (легализация) ва патент расмийлаштириш билан боғлиқ саволлари юзасидан ваколатли органларга шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги консуллик муассасалари ва Миграция агентлигининг ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин. (Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги консуллик муассасалари ва Миграция агентлиги ваколатхоналари манзиллари –хавола https://t.me/uzmigration/277)
Муҳим эслатма: Россия Федерациясида ҳуқуқий мақомингизни қонунийлаштириш имконини берувчи мазкур тартиб фақат
2025 йил 30 апрелга қадар жорий қилинган. Барча танишларингиз билан улашинг!
