Буюк Британия билан мавсумий бандлик ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-11-23 18:10:00 / Янгиликлар

23 ноябрь куни Миграция агентлиги раҳбарияти Буюк Британиянинг Адолатли меҳнат шароитларини таъминлаш агентлиги (Fair Work Agency, FWA) вакиллари билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди. Мулоқотда мавсумий ишга тартибли жалб этиш, юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, сўнгги üч йилда 14 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Буюк Британияга мавсумий ишга юборилган. Британиялик операторларнинг келгуси мавсум учун номзодларни саралаш мақсадида Ўзбекистонга келиши режалаштирилмоқда.
FWA вакиллари мавсумий ишчиларни жалб этувчи операторларнинг лицензия талабларига риоя этишини назорат қилиш ва ходимларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида маълумот берди. Миграция агентлиги сафар олдидан юртдошларимиз учун Буюк Британия меҳнат қонунчилиги, меҳнат шартномаси ҳамда ишлаш ва яшаш шароитлари бўйича махсус машғулотлар ўтказишни таклиф қилди. Томонлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш учун мутахассислар ўртасида амалий ахборот алмашиш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон томони лицензияга эга хусусий бандлик агентликларининг хорижда ишга жойлаштиришдаги иштирокини босқичма-босқич кенгайтириш режаларини тақдим этди. Британия вакиллари мавсумий ишчиларни қайси мамлакатлардан ва қандай тартибда жалб этишни операторларнинг ўзи белгилайдигани ҳамда таклиф этилган ҳамкорлик механизмини батафсил ўрганиш зарурлигини билдирди. Учрашувда ҳамкорлик меморандумининг янгиланган лойиҳаси ва уни имзолашга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, Миграция агентлиги инглиз тилини биладиган олий таълим муассасалари битирувчилари, муҳандислар ва бошқа малакали мутахассисларни Британия компанияларига ишга жойлаштириш истиқболларини ўрганишни таклиф қилди. Британия томони мазкур таклифни ваколатли идораларга етказиш ва кейинги маслаҳатлашувларни мувофиқлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.



