Япония билан ишга жойлаштириш ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-11-21 12:30:00 / Янгиликлар

20 ноябрь куни Тошкентда Миграция агентлиги ва Япония делегацияси Ўзбекистон фуқароларини Японияда қонуний ишга жойлаштириш, япон тили ва касбий тайёргарликни ривожлантириш ҳамда малака имтиҳонларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда Япониянинг Иммиграция хизматлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари қатнашди.
Япония томони «Tokutei Ginou» махсус малака дастури 19 та тармоқни қамраб олганини маълум қилди. Озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кексаларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш талаб юқори бўлган йўналишлар сифатида қайд этилди. Япония делегацияси маълумотига кўра, 2026 йил июнь ойи охирида дастур асосида 125 нафар юртдошимиз Японияда ишлаган.
Шунингдек, Япония томони 2027 йил апрелидан амалдаги техник стажировка тизими ўрнига «Ikusei Shuro» тизимини жорий этиш режасини тақдим этди. Янги тизим ишчиларга уч йил давомида иш жараёнида малака ошириш ва белгиланган талабларни бажаргач, «Tokutei Ginou» дастурининг 1-тоифасига ўтиш имконини беради.
Миграция агентлиги «INTIL» марказида япон тили ва касбий малака имтиҳонларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Марказда 80 та компьютер билан жиҳозланган тест майдони мавжуд. Япония вакиллари таклифни масъул идоралар ва имтиҳон ташкилотларига етказишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар кексаларни парваришлаш ва транспорт соҳалари учун мақсадли ўқув дастурларини ишлаб чиқишни ҳам муҳокама қилди. Агентлик Японияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнини такомиллаштириш, қайта имтиҳон топшириш оралиғини қайта кўриб чиқиш ва малака имтиҳонидан ўтган номзодларнинг жўнашгача кутиш муддатини қисқартириш имкониятларини ўрганишни таклиф этди.




