Ассалому алайкум, ҳурматли телекўрувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!
2026-11-18 13:00:00 / Брифинглар
1. Миграция жараёнлари ва географиядаги ўзгаришлар Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздан хорижий давлатларга чиқиб кетган фуқароларимиз сони сезиларли даражани ташкил этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йил бошига нисбатан вақтинча меҳнат мигрантлари сони камайгани кузатилмоқда. Бу эса ҳудудимизда янги иш ўринлари яратилаётгани ва юртдошларимизнинг ўз оиласи бағрига қайтаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, миграция географиясида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда: фуқароларимиз анъанавий давлатлар билан бир қаторда Буюк Британия, Германия, Франция, Словакия, Словения, Италия, Жанубий Корея ва Япония каби ривожланган давлатлардаги юқори даромадли, қонуний иш ўринларини танлашмоқда.
2. Касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш — муваффақият калити Давлатимиз раҳбарининг тегишли ҳужжатлари ижроси доирасида асосий эътибор фуқароларни хорижга шунчаки эмас, балки касб ва тилга тайёрлаган ҳолда юборишга қаратилмоқда.
Бу борада вилоятдаги техникумлар ва хусусий ўқув марказларининг имкониятларидан кенг фойдаланилиб, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилмоқда.
Хусусан, Гулистон шаҳридаги тиббиёт техникумида Швейцария компанияси билан ҳамкорликда ёшларимиз Германия стандарти асосида тил ва касбга ўқритилмоқда.
Шунингдек, бошқа ўқув марказларида ҳам Япония ва Европа давлатлари талабларига мос равишда ҳайдовчилик, қурилиш ва бошқа соҳалар бўйича махсус курслар ташкил этилган.
3. Хорижда ишга жойлаштириш ва халқаро ҳамкорлик Йил бошидан буён вилоятимизда хорижий иш берувчилар иштирокида мунтазам равишда очиқ танловлар ўтказилиб, юртдошларимиз муваффақиятли саралаб олинмоқда. Натижада минглаб сирдарёлик фуқаролар хорижда юқори даромадли иш ўринларига ташкилий тартибда жойлаштирилди. Уларнинг кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошган.
Бу борада “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили асосида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, ҳар бир маҳалланинг ахборот каналлари орқали бўш иш ўринлари ва талаблар мунтазам равишда аҳолига етказиб борилмоқда.
4. Хориждаги юртдошларимизни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш Давлатимиз томонидан хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимий ҳимояга олинган. Ҳукумат қарорлари асосида кўплаб сирдарёлик мигрантларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан:
Фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди;
Қийин аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз Ватанга қайтарилди ва хорижда қайта ишга жойлаштирилди;
Зарур ҳолларда вақтинчалик яшаш харажатлари қоплаб берилиб, бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
5. Муҳим тавсиялар: Қийин аҳволга тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?
Ҳурматли фуқаролар, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида турли кўнгилсизликлар ва қийин аҳволга тушиб қолмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилишингизни сўраймиз:
Фақат қонуний ва ташкилий йўлни танланг: Ҳеч қачон норасмий воситачилар ёки номаълум шахсларнинг «енгил йўл билан ишга жойлаштирамиз» деган алдовларига ишонманг. Фақатгина Миграция агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари орқали чиқинг.
Кетишдан олдин тил ва касб ўрганинг: Хорижий давлат тилини ва ўз касбингизни қай даражада яхши билсангиз, у ерда иш топишингиз, мулоқот қилишингиз ва юқори маош олишингиз шунчалик осон бўлади ҳамда алданиб қолиш хавфи камаяди.
Шартномани синчиклаб ўқинг: Хорижий иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномасини имзолашдан олдин унинг шартлари, ойлик маоши, яшаш шароити, тиббий суғуртаси ва иш соатлари билан танишиб чиқинг. Ҳужжатларнинг нусхасини доимо ўзингизда сақланг.
Ҳуқуқларингизни билинг ва алоқада бўлинг: Хорижга боргач, дарҳол яшаб турган жойингиз бўйича консуллик ҳисобига туринг. Оғир вазиятга тушиб қолсангиз ёки ҳуқуқларингиз бузилса, зудлик билан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари, консулликлари ёки Миграция агентлигининг вакилларига мурожаат қилинг.
Ҳурматли фуқаролар! Маҳаллангиздаги ҳоким ёрдамчиси ёки Миграция агентлигининг Сирдарё вилояти филиалига мурожаат қилиб, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграцияси бўйича батафсил маълумот олишингиз мумкин. Биз ҳар доим сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилишга тайёрмиз.
