Миграция агентлигида экологик масъулият: 1 000 тупдан ортиқ кўчат экилди
2026-11-06 10:00:00 / Экофаол ходим

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик маданиятни юксалтириш давлат ташкилотлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда ходимларнинг экологик масъулиятини ошириш, иш жойларида соғлом муҳит яратиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги ПФ-206-сон Фармонига мувофиқ, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларнинг яшиллик даражасини ошириш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг маъмурий биноси, шунингдек, Агентлик тасарруфидаги бинолар ва уларга туташ ҳудудларда жами 1 000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ушбу ишлар ташкилот ҳудудларини кўкаламзорлаштириш билан бирга, ходимлар ўртасида экологик маданиятни ривожлантириш ва табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
«Эко фаол ходим» тушунчаси ҳам айнан шу мақсадлар билан узвий боғлиқ. У иш жараёнида сув ва электр энергиясини тежаш, қоғоз сарфини камайтириш, чиқиндиларни тўғри бошқариш, иш жойи ва унинг атрофидаги озодаликка риоя этиш каби кундалик экологик одатларни ўзида мужассам этади.
Миграция агентлигида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда ходимлар учун янада қулай меҳнат шароитларини шакллантиришга хизмат қилади.



