Ўзбекистонда атроф-муҳит сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда
2026-11-15 09:00:00 / Экофаол ходим

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПФ–46-сон Фармонига мувофиқ, 2026–2030 йилларда ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Мазкур лойиҳа доирасида ҳавога чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар ҳажмини эса 10 фоизга камайтириш, саноат корхоналарида замонавий тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳамда экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилда амалга оширилган ишлар натижасида PM2,5 майда дисперс заррачаларининг концентрацияси ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 26,5 фоизга камайган. Шунингдек, 126 та саноат корхонасидаги 330 та чанг-газ тозалаш ускунаси модернизация қилиниб, 933 та қурилиш объектида чангни сув ёрдамида бостириш тизимлари ўрнатилган.
Шу билан бирга, экологик тоза транспортдан фойдаланишни рағбатлантириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳолининг экологик масъулиятини оширишга қаратилган ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда.
Атроф-муҳитни асраш фақат муайян ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик масъулиятидир. Айниқса, давлат ташкилотларида энергия ва сув ресурсларини тежаш, қоғоз сарфини камайтириш, чиқиндиларни саралаш ҳамда экологик маданиятни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаво мусаффолигини таъминлаш ва экологик муҳитни яхшилаш борасидаги изчил ишлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турмуш сифатини ошириш ҳамда келажак авлодлар учун тоза ва барқарор атроф-муҳитни сақлаб қолишга хизмат қилади.
