Давлат байроғи — Ўзбекистон мустақиллиги, миллий бирлик ва ғурур тимсоли
2026-11-18 09:00:00 / Байрамлар
Давлат байроғи халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари, эзгу орзу-интилишлари ва мустақил тараққиёт йўлини ўзида мужассам этади. Ундаги мовий ранг мусаффо осмон ва ҳаёт манбаини, оқ ранг тинчлик, поклик ва эзгу ниятларни, яшил ранг эса табиат, янгиланиш ҳамда фаровонликни ифодалайди. Ушбу ранглар халқимизнинг асрий қадриятлари ва келажакка бўлган ишончини акс эттиради.
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон қадри, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби устувор мақсадлар турибди. Миллий байроғимиз ана шу эзгу интилишлар, мустақил давлатчилигимиз ва халқимиз бирдамлигининг ёрқин ифодаси сифатида халқаро майдонда ҳилпирайди.
Айниқса, хорижда яшаб, меҳнат қилаётган юртдошларимиз учун Давлат байроғи Ватан билан боғлаб турувчи маънавий ришта, миллий ўзлик ва дахлдорлик рамзидир. Дунёнинг қайси мамлакатида бўлмасин, миллий байроғимизни кўриш уларга она юртга мансублик туйғусини, ўз давлати ва халқига бўлган ифтихорни эслатади.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати ҳам юртдошларимизнинг Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
35 йил давомида мустақиллигимизнинг ёрқин рамзи бўлиб келаётган Давлат байроғимиз бугун ҳам халқимизни ягона мақсад — тинч, фаровон ва тараққий этган Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштириб турибди.
Зеро, байроғимиз қаерда ҳилпирамаcин, унда халқимизнинг шаъни, мустақил давлатимизнинг ғурури ва Ватанимизнинг келажагига бўлган ишонч мужассам.
