ОНА ИЛТИЖОСИ ЖАВОБСИЗ ҚОЛМАДИ: ФРАНЦИЯДА ИНСУЛЬТГА ЧАЛИНГАН ҲАМЮРТИМИЗ ВАТАНГА ҚАЙТАРИЛДИ
2026-11-14 12:50:00 / Янгиликлар

Францияда оғир аҳволга тушиб қолган 32 ёшли Лазизхон Эргашевнинг онаси ижтимоий тармоқлар орқали фарзандини Ватанга қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.
Халқаро юк ташувчи ҳайдовчи сифатида ишлаган ҳамюртимиз 11 октябрь куни соғлиғи кескин ёмонлашгани сабабли шифохонага ётқизилган. Унинг аҳволи оғирлашиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Мурожаат Миграция агентлиги томонидан тезкор назоратга олинди.
9 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Uzbekistan Airways ҳамда Франциядаги шифохона вакиллари иштирокида ҳамюртимизни Ватанга қайтариш бўйича зарур чоралар келишиб олинди.
12 ноябрь куни уч нафар тиббиёт ходимидан иборат махсус бригада Францияга юборилди.
14 ноябрга ўтар кечаси эса бемор махсус тиббий жиҳозлар билан таъминланган ҳолда, шифокорлар кузатувида Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан Париждан Тошкентга олиб келинди.
Лазизхон Эргашевга тезроқ соғайиб, оёққа туриб кетишини ва оиласи бағрига соғ-саломат қайтишини тилаймиз!
