Норвегияда 5 минггача пайвандчига эҳтиёж бор: Ўзбекистонда мутахассислар тайёрлаш режалаштирилмоқда
2026-11-12 23:30:00 / Янгиликлар

Норвегиялик эксперт Эрик Энгнинг баҳолашича, мамлакатда 4–5 минг, Европа бўйича эса 30 мингга яқин пайвандчига эҳтиёж мавжуд.
Бу ҳақда Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва норвегиялик эксперт ўртасидаги онлайн учрашувда сўз борди.
Музокараларда Ўзбекистондаги техникумлардан бирида Норвегия ўқув методикалари асосида пайвандчилар тайёрлаш дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Дастлаб 10–20 нафар ўқитувчининг малакасини ошириш, уларни сертификатлаш ҳамда Норвегиядаги ишлаб чиқариш объектларида 1–2 ҳафталик амалиётини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Кейинги босқичда улар Ўзбекистонда мутахассислар тайёрлайди.
Экспертнинг таъкидлашича, денгиздаги нефть-газ ва шамол энергетикаси объектларида ишлаш учун ISO сертификатининг ўзи етарли эмас. Мутахассислар меҳнат хавфсизлиги ва махсус технологик жараёнлар бўйича ҳам чуқур билимга эга бўлиши зарур.
Эрик Энг икки босқичли ўқув дастурини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Erasmus+ ва Европа касбий таълим марказлари орқали қўшма лойиҳалар ҳамда грантларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Экспертнинг 30 ноябрь куни Тошкентга ташрифи доирасида техникумларнинг ўқув базаси билан танишиши ва амалий машғулотлар ўтказиши ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мақсад — халқаро талабларга жавоб берадиган пайвандчиларни тайёрлаш ва уларнинг Скандинавия меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш.

