Ўзбекистон Нордик давлатлари иш берувчиларига ўз меҳнат салоҳиятини тақдим этди
2026-11-11 20:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида мамлакатимизнинг меҳнат салоҳияти ва мутахассисларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш имкониятларини Нордик давлатлари иш берувчиларига таништириш мақсадида Стокгольм шаҳрида форум ташкил этилди.
Тадбирда Швеция, Норвегия ва Даниянинг иш берувчилар уюшмалари ҳамда касбий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, Швецияда яшаётган ватандошларимиз иштирок этди.
Тақдимотларда Ўзбекистонда кадрларни касб ва тил бўйича тайёрлаш, уларнинг малакасини иш берувчилар талабларига мослаштириш ҳамда юртдошларимизни хорижда ташкилий асосда ишга жойлаштириш тизими ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотлар иш берувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Якунда Ўзбекистонда ҳам шундай форум ўтказишга келишилди.
Тадбир доирасида Швециядаги ватандошларимиз билан ҳам мулоқот ўтказилди. Уларнинг таклифлари тингланди, дуч келаётган муаммолари ўрганилди. Ватандошларимиз ўз билим ва тажрибаси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшишга тайёр эканлигини билдирди.
