Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги миграция келишуви кучга кирди: эндиги қадамлар қандай?
2026-11-11 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси раҳбарияти вакилларидан иборат делегация Швецияда миграция ва касбий таълим соҳаларида қатор учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, Швеция Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда 2026 йил 1 ноябрдан кучга кирган икки томонлама миграция келишувини амалиётга татбиқ этиш ҳамда юртдошларимизнинг қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий йўналишлар:
🔹Швециялик иш берувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда малакали мутахассисларни тайёрлаш;
🔹Касбий техникумларда хорижий компаниялар талаблари асосида ўқув дастурларини ташкил этиш;
🔹Иш визалари ва яшаш рухсатномаларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш имкониятларини ўрганиш;
🔹Швеция компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва пилот ишга жойлаштириш механизмини ишлаб чиқиш.
Швеция томони мутахассисларни иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари асосида тайёрлаш таклифини ижобий баҳолади.
💬Учрашув якунида томонлар умумий келишувлардан амалий натижаларга ўтиш, кадрларни танлаш, тайёрлаш ва қонуний ишга жойлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирди.
Ташриф доирасида Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Швециянинг миграция вазири Johan Forssell билан ҳам мулоқот ўтказди.
Унда икки давлат ўртасидаги миграция соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Johan Forssell ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш ва унинг амалий йўналишларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

