Швеция компаниялари учун мутахассислар Ўзбекистонда тайёрланиши мумкин
2026-11-10 18:00:00 / Янгиликлар

Швецияда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигида Швеция Миграция агентлиги бош директори ўринбосари Анника Готтберг билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Швеция иш берувчиларининг талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш, қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралардаги асосий йўналишлар:
🔹18 ойлик пилот дастур доирасида меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантириш;
🔹Швеция компаниялари эҳтиёжига мос равишда Ўзбекистондаги техникумларда мақсадли касбий тайёргарлик ва швед тили курсларини ташкил этиш;
🔹Ўзбекистонда швед тилидан билим даражасини баҳолаш марказини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш;
🔹Ишлаш учун рухсатномалар, меҳнат шартномалари ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашиш.
🤝Томонлар пилот дастурни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг кейинги амалий қадамларини белгилаш юзасидан мулоқотни давом эттиришга қизиқиш билдирди.

