Авиация ва дрон технологиялари бўйича кадрлар тайёрлашга келишилди
2026-11-06 10:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Корея Республикасининг Hanseo университети ўзаро англашув битимини имзолади.

Хужжатга кўра, Ўзбекистонда ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, дрон технологиялари, сунъий интеллект, дастурий таъминот ва логистика бўйича касбий ўқув дастурларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Иштирокчиларга корейс тили ҳамда меҳнат хавфсизлиги бўйича ҳам таълим берилади.
Миграция агентлиги юртдошларимизни дастурлар ҳақида хабардор қилади, номзодларга ариза топшириш тартибини тушунтиради ва икки мамлакатдаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради.
Hanseo университети ўқув дастурларини ишлаб чиқади, малакали ўқитувчиларни жалб этади ва машғулотлар учун зарур жиҳозларни тақдим этади. Ўқувни муваффақиятли тамомлаганларга университет ўз ҳамкор корхона ва ташкилотларида ишга жойлашишда кўмаклашади.
Ҳамкорликдан мақсад — юртдошларимизни истиқболли соҳаларда касбга тайёрлаш ва хорижда ўз мутахассислиги бўйича ишлаш имкониятларини кенгайтириш.






