РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-11-02 19:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаросининг хорижда меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ва масъул идоралардан етарли ёрдам олмагани ҳақидаги очиқ мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Миграция агентлиги масъуллари 2026 йил 24 сентябрдан буён фуқаро билан мулоқотда бўлиб, унинг мурожаати ва тақдим этган ҳужжатлари асосида тегишли ишларни олиб бормоқда. Мурожаатлари юзасидан фуқарога икки маротаба ёзма жавоб берилган.
Фуқаро ҳозирда Польшада эканини билдирган бўлса-да, Агентликка тақдим этилган ҳужжатлардаги меҳнат муносабатлари Латвияда рўйхатдан ўтган иш берувчилар билан боғлиқ. Шу сабабли, масалани ваколатли орган орқали ўрганиш мақсадида 2026 йил 14 октябрда Агентлик томонидан Латвия Давлат меҳнат инспекциясига 02-19-1/8908-сон расмий хат расмийлаштирилган.
Хатда фуқаро ишлаган тўртта компаниядаги меҳнат муносабатларини ўрганиш, иш ҳақи ва якуний ҳисоб-китоблар, фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация, қўшимча иш соатлари ҳақи ҳамда иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг асослилигини текшириш сўралган. Шунингдек, меҳнат шартномаларининг турли тиллардаги нусхалари ўртасидаги тафовутларга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи ҳам кўтарилган.
Инспекциядан аниқланган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколати доирасида чора кўриш, фуқарога тўланиши лозимлиги тасдиқланган маблағларни ундиришга кўмаклашиш ва ўрганиш натижалари ҳақида Агентликка маълумот бериш сўралган.
Фуқаронинг эътирозлари ва ёрдам сўраб қилган мурожаатига жиддий қараймиз. Айни пайтда, амалга оширилган ишлар масала Агентлик томонидан эътиборсиз қолдирилмаганини кўрсатади. Бироқ расмий хат расмийлаштирилгани масала тўлиқ ҳал этилганини англатмайди — тўловлар ва иш берувчиларнинг мажбуриятлари ваколатли орган томонидан ўрганилиб, тасдиқланиши лозим.
Агентлик фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни ўз ваколати доирасида давом эттиради.



