Ўзбекистон глобал меҳнат бозорининг фаол иштирокчисига айланмоқда.
2026-11-02 13:40:00 / Янгиликлар

– Биз бу йўналишда ҳам очиқлик сиёсатимизни давом эттирамиз. Айни пайтда ушбу масалада тартиб-интизом бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Узоқ муддат яшаётган хорижлик фуқаролардан 36 минг нафари ишлашга рухсатнома олган, яна 24 минг нафари талаба. Давлатимиз раҳбари қолганлар нима иш билан шуғулланаётгани ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумот бўлиши шартлигини таъкидлади.
Ишлашга рухсат олганларнинг 80 фоизи қурилиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юқори малака талаб қилмайдиган фаолият билан шуғулланмоқда. Ўз меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ривожланган давлатларда ҳам кенг тарқалган амалиётдир.
Президентимиз янги иш ўринларига биринчи навбатда ўзимизнинг фуқароларни жойлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга узоқ муддатга келган хорижлик фуқароларнинг яшаш ва иш жойини мониторинг қилиш платформасини бир ойда ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш давомида соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилинди, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
