ХОРВАТИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ЯНГИ БОСҚИЧ: АНИҚ БУЮРТМАЛАР, ҚУРИЛИШ БРИГАДАЛАРИ ВА 200 НАФАРГАЧА МУТАХАССИС УЧУН ПИЛОТ ЛОЙИҲА
2026-10-24 17:00:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Хорватия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Остона шаҳрида) Рефик Шабанович билан учрашди.
Мулоқотнинг асосий мавзуси — Агентлик делегациясининг Хорватияга яқиндаги ташрифи давомида эришилган келишувларни аниқ иш ўринлари ва амалий лойиҳаларга айлантириш бўлди.
Учрашувда бир қатор муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди:
100–200 нафар фуқаро учун пилот дастур. Хорватия иш берувчиларининг аниқ буюртмалари асосида номзодларни онлайн саралаш, Ўзбекистонда касбий ва тил тайёргарлигидан ўтказиш ҳамда якуний танловни ташкил этиш таклиф қилинди.
Ўзбекистонлик қурилиш бригадаларига талаб. Хорватиянинг йирик компаниялари электр монтажи, фасад, пардозлаш ва бошқа қурилиш ишларига ихтисослашган бригадаларни 20 кундан бир неча ойгача жалб этишга қизиқиш билдирди. Хорватия томони яшаш жойи ва ишлаш рухсатномаларини таъминлашга тайёр.
Загребда Миграция агентлиги ваколатхонаси. Унинг фаолияти Хорватия билан бирга Словения ва Сербияда ишлаётган юртдошларимизни ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтирилиши режалаштирилмоқда.
Хорватия учун мақсадли кадрлар тайёрлаш. Ўзбекистонда алоҳида таълим муассасаларини бириктириш, хорват тили ўқитувчиларини жалб қилиш ва иш берувчилар талабига мос мутахассислар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ижтимоий кафолатларни кучайтириш. Хорватияда ишлаган фуқароларимизнинг пенсия ва ижтимоий суғурта бадалларини Ўзбекистонда ҳисобга олиш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди.
Ҳозирда Хорватияда 5,5 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Элчи юртдошларимизнинг касбий салоҳияти, меҳнатга муносабати ва маҳаллий шароитларга мослашуви иш берувчилар томонидан ижобий баҳоланаётганини таъкидлади.
Хусусан, Radnik d.d. қурилиш компаниясида 40 нафарга яқин юртдошимиз ишламоқда. Компания қўшимча мутахассисларни жалб этишга қизиқиш билдирган.
Шунингдек, ноябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хорватиянинг 10–30 та компанияси иштирокида бизнес-форум ташкил этиш, туризм, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва мавсумий бандлик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар иш берувчиларнинг аниқ буюртмаларини шакллантириш, пилот лойиҳани ишга тушириш ва келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олди.




