РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-10-23 19:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ижтимоий тармоқларда Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти ҳамда рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳонларни ташкил этиш жараёнига оид тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Мазкур ҳолат бўйича РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан расмий изоҳ олинди.
Ваколатхона маълумотига кўра, РУДН Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2024 йил 10 декабрдаги 3641-р-сон фармойишига мувофиқ, хорижий фуқаролардан тегишли имтиҳонларни қабул қилиш ваколатига эга давлат таълим муассасаси ҳисобланади.
Имтиҳонлар Россия Федерацияси қонунчилиги асосида ташкил этилиб, жараён тўлиқ аудио ва видеоёзув орқали қайд этилади. Имтиҳон саволлари Россиянинг Федерал педагогик ўлчовлар институти томонидан шакллантирилган топшириқлар банки асосида тайёрланади. Очиқ манбаларда саволлар мавжуд бўлса-да, уларнинг жавоблари эълон қилинмаган. Имтиҳон вариантлари ҳар ойда янгиланади.
Имтиҳоннинг расман белгиланган қиймати 3 800 Россия рублини ташкил этади. РУДН маълумотига кўра, имтиҳон хизматлари бўйича шартномалар Россия ҳудудида тузилади ва тўловлар фақат Россия юридик шахслари ўртасида амалга оширилади.
Шунингдек, РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси имтиҳонларни ташкилий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашини, бироқ фуқароларни имтиҳонга тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этмаслигини билдирган. Бундай тайёрлов курслари университет ва унинг ваколатхонаси фаолиятига алоқадор эмаслиги таъкидланган.
Ваколатхона томонидан виждонсиз ҳамкор ташкилотлар фаолиятига қарши чоралар кўрилаётгани, аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.
Қайд этилишича, 2026 йил март ойида Ўзбекистон ва Россиянинг миграция соҳасидаги идоралараро ишчи гуруҳи, жумладан, Миграция агентлиги вакилларига имтиҳонларни ўтказиш тартиби бевосита намойиш этилган.
Миграция агентлиги хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқароларни имтиҳонлар ва тегишли сертификатларни олишда фақат расмий тартибларга амал қилишга, шубҳали воситачиларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Ижтимоий тармоқларда билдирилган иддаоларга ҳуқуқий баҳо бериш тегишли ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
