Ўзбекистоннинг меҳнат мобиллиги соҳасидаги ислоҳотлари ЕХҲТ Парламент ассамблеяси эътиборида
2026-10-23 15:00:00 / Янгиликлар

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси раиси Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасида Миграция агентлиги фаолияти ҳамда «Интил» халқаро тил ва касбларга ўқитиш марказида яратилган имкониятлар билан танишди.
22 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат мобиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий меҳнат бозорларига малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни бевосита ўрганиш ҳамда халқаро парламентлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Ташриф мамлакатимизда шаклланаётган меҳнат мобиллиги моделини халқаро ҳамкорларга тақдим этиш, хорижий тажриба билан ўзаро алмашиш ва Европа давлатлари билан амалий шерикликни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Меҳнат мобиллигига янгича ёндашув: касб, малака ва ҳуқуқий ҳимоя
Учрашувда делегация аъзоларига Ўзбекистонда меҳнат мобиллиги соҳасида амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик механизмлари ҳамда фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Миграция агентлиги фаолиятининг устувор йўналиши фуқароларни шунчаки хорижга ишга юбориш эмас, балки уларни чет тилини биладиган, муайян касб ва халқаро талабларга мос малакага эга рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрлаш ҳисобланади.
Бу борада хорижий иш берувчилар эҳтиёжини олдиндан ўрганиш, аниқ вакансиялар асосида мақсадли ўқитиш, касбий малакани халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш ва қонуний меҳнат шартномалари асосида ишга жойлаштириш механизмлари такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, 2026 йилнинг тўққиз ойида 34 та давлатда ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган 287 мингдан ортиқ бўш иш ўрни аниқланган. Уларнинг 145 мингдан зиёди Европа ва Шимолий Америка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Шу даврда 39,5 минг нафар фуқаро хорижий тиллар ва халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитишга жалб қилинган.
Делегацияга Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Словакия, Словения ва бошқа давлатлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик лойиҳалари, шунингдек, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оғир вазиятларда ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмлари ҳам тақдим этилди.
«Интил» маркази — халқаро меҳнат бозорига тайёргарликнинг амалий модели
Ташриф давомида делегация аъзолари «Интил» марказининг ўқув аудиториялари, амалий машғулотлар устахоналари, имтиҳон хоналари ва яшаш шароитлари билан танишди.
Марказда хорижий тилларни ўргатиш, касбий тайёргарлик, халқаро сертификатлаш ҳамда хорижий иш берувчилар билан бевосита суҳбатлар ўтказиш имкониятлари яратилган.
Мулоқотда касбий таълимнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги, сертификатларнинг хорижда тан олиниши, давлат инвестицияларининг самарадорлиги ва фуқароларнинг хорижга кетишдан олдинги тайёргарлиги юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, хорижда орттирилган билим, замонавий технологиялар ва касбий тажрибани кейинчалик Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига йўналтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасига баҳо берди
ЕХҲТ Парламент ассамблеяси вице-президенти, Австрия парламенти аъзоси Гудрун Куглер «Интил» марказидаги профессионал ёндашув, ўқув жараёнларининг ташкил этилиши ва яратилган муҳит унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Унинг фикрича, Европа мамлакатларида меҳнат ресурсларига талаб ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон каби ёш аҳоли улуши юқори давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим.
«Биз ЕХҲТда бу жараённи “ақллар оқиб кетиши” эмас, балки “интеллектуал салоҳият айланиши”, деб атаймиз», — деди Гудрун Куглер.
У хорижда ишлаш жараёни инсонларга нафақат даромад, балки янги билим, касбий тажриба ва дунёқараш орттириш имконини беришини қайд этди. Бундай салоҳиятнинг кейинчалик ўз мамлакатида қўлланилиши ҳам фуқаролар, ҳам давлатлар учун манфаатли эканини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистонда фуқароларни хорижий тилларга, касбга ва борадиган мамлакатнинг маданий муҳитига тайёрлаш ишлари юқори даражада ташкил этилганига ижобий баҳо берди.
Делегациянинг яна бир вакили Ўзбекистонда меҳнат мобиллиги жараёнларини бошқаришда инсон манфаатларига қаратилаётган эътиборни алоҳида қайд этди.
«Биз ташриф давомида бу жараёнлар юқори профессионал даражада ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, амалга оширилаётган дастурларда инсон қадр-қиммати устувор ўринга қўйилган», — деди у.
Эксперт Ўзбекистон тажрибаси ҳақида ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасида ҳам фикр алмашиш нияти борлигини билдирди.
Унинг таъкидлашича, хориждан ишчи кучи қабул қилувчи мамлакатлар билан бир қаторда, фуқароларини халқаро меҳнат бозорига тайёрлаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳам муҳим. Бу меҳнат мобиллиги жараёнларини ҳар икки томон манфаатларини инобатга олган ҳолда самарали бошқаришга хизмат қилади.
Халқаро ҳамкорлик ва янги истиқболлар
Учрашувда Европа давлатлари билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, меҳнат шартномалари ва иш шароитлари устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда қонуний иш имкониятларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Миграция агентлиги вакиллари хорижий ҳамкорлар билан муносабатларда иш берувчининг ишончлилиги, меҳнат шароитларининг хавфсизлиги ва фуқаролар ҳуқуқларининг кафолатланиши асосий мезонлардан эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, меҳнат мобиллиги соҳасида рақамли хизматларни кенгайтириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, фуқароларни хорижда ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва Ватанга қайтгач уларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Ташриф якунида Ўзбекистоннинг меҳнат мобиллиги соҳасидаги янги модели ва малакали кадрлар тайёрлаш салоҳияти ҳақидаги маълумотларни халқаро парламент мулоқоти доирасида кенгроқ тақдим этиш масаласи кўтарилди.
ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегациясининг ташрифи Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини халқаро ҳамкорларга намойиш этиш, Европа давлатлари билан институционал алоқаларни мустаҳкамлаш ва инсон манфаатларига асосланган меҳнат мобиллиги тизимини янада ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.













