21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун.
2026-10-21 09:00:00 / Байрамлар

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа ва Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Бу билан давлат рамзларидан бири саналган маънавий қадриятимиз – она тилимиз юксак эътиборда эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Бугун ҳар бир инсон ўзининг ёши, жинси, эътиқоди, касб-кори, лавозими ва яшаш жойидан қатъи назар, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Зеро, она тилига бўлган муносабат, мустақилликка бўлган муносабат ҳисобланади. Она тили миллатнинг руҳи, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бинобарин, ўзбек тилини ривожлантириш, давлат тили сифатидаги ўрнини ва нуфузини янада мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифа барчамизнинг олдимизда турибди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигида “Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва бирлигимиз тимсоли!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда ўзбек тилининг халқимиз тарихи, миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлашдаги беқиёс ўрни, шунингдек, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз миллий ўзлигини англаш ва давлатчилигимиз тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
Тадбир давомида она тилимизга ҳурмат ва эътиборни юксалтириш, давлат тилида иш юритиш маданиятини такомиллаштириш, расмий ҳужжатлар ҳамда фуқаролар билан мулоқотда адабий тил меъёрларига қатъий риоя этишнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, ўзбек тилининг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг софлиги ва жозибадорлигини асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида она тилига муҳаббат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиз экани қайд этилди.
Зеро, она тилига эҳтиром — миллатга эҳтиром, давлат тилига ҳурмат эса Ватанга садоқат ифодасидир.
Она тилимиз ҳамиша миллий бирлигимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз тимсоли бўлиб қолсин!
Азиз Ватандошлар!
Барчангизни миллий ўзлигимиз, маънавиятимиз ва давлатчилигимизнинг муҳим тимсолларидан бири бўлган 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.
Она тилимиз — ўтмишимиз билан келажагимизни боғловчи маънавий кўприк, миллий бирлигимиз ва ўзлигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Шундай экан, унинг қадр-қимматини асраш, бой имкониятларидан самарали фойдаланиш ва давлат тили сифатидаги нуфузини янада юксалтириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиб қолиши лозим.
Барчангизни яна бир бор қутлуғ байрам билан табриклаймиз.


