Япония бозорига янги йўналиш: ҳайдовчилардан IT мутахассисларигача
2026-10-20 20:00:00 / Янгиликлар

«INTIL» халқаро тил ва касбга ўқитиш марказида Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япониянинг Ямагата префектураси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Делегация таркибидан Ямагата префектураси ҳукумати, Ямагата университети ҳамда Ўзбекистондан мутахассислар жалб қилиш ва тайёрлашга қизиқиш билдираётган япон компаниялари вакиллари ўрин олди.
Япония меҳнат бозори учун мақсадли кадрлар тайёрлаш
Учрашувда Ямагата префектурасида кузатилаётган ишчи кучи етишмовчилиги ва ушбу эҳтиёжни Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳияти ҳисобидан қондириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Япония томони маҳаллий корхоналарда меҳнат қилиш, ҳудуд ҳаётига мослашиш ва узоқ муддатли меҳнат муносабатларини йўлга қўйишга тайёр хорижий мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди.
Миграция агентлиги томонидан япон иш берувчиларининг аниқ талаблари асосида мутахассисларни Ўзбекистоннинг ўзида тайёрлаш модели тақдим этилди.
Унга кўра, япон компаниялари зарур касбий малака, тил билиш даражаси ва ўқув дастури мазмунини белгилайди. Ўзбекистон томони эса номзодларни саралаш, япон тили ва касбга ўқитиш, амалий машғулотлар ҳамда жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш жараёнларини ташкил этиш имкониятларини таклиф қилади.
Шу мақсадда «INTIL» марказининг ўқув инфратузилмаси, амалий машғулотлар майдонлари, суҳбат ва касбий синовлар ўтказиш имкониятлари тақдим этилди. Марказда қарийб 400 нафарга мўлжалланган ётоқхона ҳам мавжуд.
Агентлик хорижий ҳамкорлар билан мақсадли тайёрлов дастурларини амалга оширишда марказ имкониятларидан бепул фойдаланиш учун шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Ҳайдовчиларни Япония шароитига мос тайёрлаш
Музокараларда Япония учун профессионал ҳайдовчилар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида ўнг рулли юк автомобилларидан фойдаланган ҳолда Япониянинг йўл шароитларига яқинлаштирилган амалий тайёргарлик ва синовларни ташкил этиш учун махсус майдон яратилаётгани маълум қилинди.
Бу номзодларни Японияга жўнаб кетишидан олдин амалий кўникмалар бўйича тайёрлаш ва баҳолаш имконини беради.
IT ва муҳандислик соҳаларида ҳамкорлик
Япониянинг MSI компанияси вакили IT соҳасида хорижий мутахассисларни ишга жалб қилиш тажрибаси ҳақида маълумот бериб, ўзбекистонлик кадрлар билан ҳамкорликка қизиқиш билдирди.
Шу муносабат билан компанияга IT Park Uzbekistan имкониятлари, жумладан, хорижий IT компаниялари учун назарда тутилган «Zero Risk» механизмини ўрганиш таклиф этилди.
Abe Engineering компанияси эса муҳандислик ва техник йўналишларда ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш истиқболларини кўриб чиқмоқда. Дастлабки босқичда 1–2 нафар номзодни ишга қабул қилиш ёки стажировкага жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, техник олий таълим муассасалари талабалари учун япон тили бўйича мақсадли ўқув гуруҳларини ташкил этиш, уларни иш берувчилар талабларига мувофиқ тайёрлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Музокараларда номзодларнинг касбий малакаси билан бир қаторда япон тилини билиши, меҳнат шароитлари, иш ҳақи, тайёргарлик давомийлиги ва касбий ўсиш истиқболларини олдиндан аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичи
Учрашув давомида 2027 йил февраль–март ойларида Ямагата префектурасида Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳияти тақдимотини ташкил этиш, унга маҳаллий иш берувчиларни жалб қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, Ямагата префектураси раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, мамлакатимиздаги касбий тайёргарлик тизими, техник университетлар ва Миграция агентлиги инфратузилмаси билан таништириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ямагата компанияларининг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжларини ўрганиш, устувор касблар ва номзодларга қўйиладиган талабларни белгилаш, қўшма тил ва касбий тайёрлов дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда кейинги ҳамкорлик тадбирларига тайёргарлик кўриш бўйича ахборот алмашинувини давом эттиришга келишиб олди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон фуқаролари учун Япония меҳнат бозорида қонуний ишлаш имкониятларини кенгайтириш, халқаро талабларга мос малакали кадрлар тайёрлаш ва икки томонлама меҳнат алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.


