БРИФИНГ
2026-10-20 14:00:00 / Брифинглар

Ассалому алайкум, ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, азиз юртдошлар!
Бугун хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларимиз учун муҳим янгиликни эълон қилмоқчимиз.
Миграция агентлиги томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар нархлари кескин арзонлаштирилди.
Энг муҳими, бу ўзгаришлар бугун, 2026 йил 20 октябрдан кучга кирди. Бу тартиб 20 окятбрга қадар тузилган шартномалар учун амал қилмайди.
Мазкур янгилик хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларимизнинг ортиқча харажатларини қисқартириш, улар учун янада қулай ва молиявий жиҳатдан енгил шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Маълумки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, фуқароларимизни касб ва хорижий тилларга тайёрлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ–162-сон Фармони ҳамда ПҚ–367-сон қарори билан миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, хорижда қонуний меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтириш ва фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Миграция агентлиги томонидан хизмат тарифларининг қайта кўриб чиқилиши ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, фуқаролар учун амалий енгилликлар яратишга хизмат қилади.
Жумладан, Агентлик директорининг 2026 йил 19 октябрдаги 114-сонли буйруғи билан жўнаб кетишдан олдинги ўқитиш( мослаштириш) ва хорижда ишга жойлаштириш хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.
Энди энг муҳим ўзгаришларга батафсил тўхталамиз.
Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш хизматлари нархлари сезиларли даражада пасайтирилди.
Хусусан, Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган фуқаролар учун хизмат ҳақи аввал базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари этиб белгиланган бўлса, эндиликда ушбу тўлов 5 баробарга, яъни 500 фоизга камайтирилиб, 10 БҲМ этиб белгиланди.
Оддий қилиб айтганда, амалдаги базавий ҳисоблаш миқдори бўйича аввал 22 миллион сўмни ташкил этган хизмат ҳақи энди 4 миллион 400 минг сўмга туширилди.
Бу дегани, ҳар бир фуқаро ушбу хизматлар учун аввалги тарифга нисбатан 17 миллион 600 минг сўм кам тўлайди.
E-7 визаси асосида ишга жойлаштириладиган фуқаролар учун эса янги тариф 10 БҲМ, яъни 4 миллион 400 минг сўмни ташкил этади.
Бу ўзгаришлар Жанубий Кореяда қонуний меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларимиз учун дастлабки молиявий харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Европа давлатлари, Россия Федерацияси ва араб давлатларига ишга жойлаштириш хизматлари бепул.
Ушбу давлатларга Миграция агентлиги орқали ташкилий тартибда ишга юбориладиган фуқаролардан Агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун 2026 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмайди.
Яъни, фуқароларимиз ушбу йўналишларда Агентликнинг ишга жойлаштириш хизматларидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Бунда хорижий иш берувчилар билан тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳолларда хизмат ҳақи иш берувчи ташкилотлар томонидан қопланиши мумкин.
Бошқа қатор давлатларга ишга жойлаштириш хизматлари учун ҳам янги, мақбул тарифлар белгиланди. Жумладан:
Беларусь Республикасига — 44 минг сўм;
МДҲнинг Россиядан ташқари давлатлари ва Монголияга — 440 минг сўм;
Грузияга — 880 минг сўм;
Туркияга — 1 миллион 320 минг сўм.
Японияга технологиялар, гуманитар билимлар ва халқаро ишлар йўналишида ишга жойлаштириладиган олий таълим муассасалари битирувчилари учун хизмат ҳақи 440 минг сўм этиб белгиланди.
Япониянинг махсус малакали ишчи ва техник стажировка дастурлари бўйича эса хизмат тўлови 4 миллион 400 минг сўмни ташкил этади.
Шу ўринда бир муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтиш зарур.
Мазкур тарифлар айнан Миграция агентлиги томонидан кўрсатиладиган хизматларга тааллуқли. Виза расмийлаштириш, авиачипта, тиббий кўрик ва бошқа харажатлар тегишли дастур ҳамда меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ алоҳида бўлиши мумкин.
Ҳурматли юртдошлар!
Хорижда ишлашга қарор қилган ҳар бир инсон учун дастлабки харажатлар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ишга жойлашиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва сафарга тайёргарлик кўриш жараёнидаги молиявий юк оила бюджетига бевосита таъсир қилади.
Шу боис Миграция агентлиги томонидан хизмат нархларининг пасайтирилиши фуқароларимизнинг ортиқча харажатларини қисқартиришга қаратилган муҳим амалий қадамдир.
Бизнинг асосий мақсадимиз — хорижда қонуний ишлаш имкониятларини янада кенгайтириш, фуқароларимиз учун хизматларни қулай, шаффоф ва молиявий жиҳатдан мақбул қилишдир.
Шу билан бирга, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини жалб қилиш, фуқароларимизни касб ва хорижий тилларга тайёрлаш ҳамда уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янада ривожлантирилади.
Фуқароларимиздан хорижда ишлаш бўйича фақат расмий манбалардаги маълумотларга таянишни, хизмат тўловлари ва меҳнат шартномаси шартлари билан олдиндан танишишни сўраймиз.
Янги тарифлар ҳақида батафсил маълумотларни Миграция агентлигининг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.
Эътиборингиз учун раҳмат!
