Хорижда ишлашга тайёргарлик тизими ўзгаради: IOM билан янги вазифалар белгиланди
2026-10-19 17:00:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Халқаро миграция ташкилоти (IOM) вакили Эндрю Грей билан учрашди.
Музокараларда асосий эътибор янги тадбирлар ўтказишга эмас, балки мавжуд ҳамкорликни фуқаролар учун аниқ натижа берадиган тизимга айлантиришга қаратилди.
🔹2027 йилдан янги ёндашув. Хорижий иш берувчилар талабига мувофиқ, фуқароларни 3–6 ой давомида тил ва касбга мақсадли тайёрлаш ҳамда малакали кадрларни хорижга йўналтириш кўламини ошириш режалаштирилмоқда.
🔹Швеция йўналишида амалий қадам. Икки давлат ўртасидаги келишув асосида меҳнат мобиллигининг пилот механизмини ишлаб чиқиш, ишлаш рухсатномалари ва кадрларга эҳтиёжни аниқлаш тизимини ўрганиш белгиланди.
🔹Хорижга кетишдан олдин комплекс тайёргарлик. Фуқароларга тил ва касб ўргатиш билан бирга, меҳнат ҳуқуқлари, молиявий саводхонлик, меҳнат шартномаси ва иш шароитларини тушуниш, онлайн фирибгарлик ҳамда киберхавфлардан ҳимояланиш бўйича таълим ва амалий тайёргарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда. Бу жараёнда INTIL маркази асосий ўқув майдонларидан бири бўлади.
Эндрю Грей хорижий давлатлар ва иш берувчиларнинг Ўзбекистонлик мутахассисларга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
Учрашувнинг асосий хулосаси: ҳамкорлик самараси ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, фуқаролар ҳаётидаги амалий натижалар билан баҳоланади.


