Хорватия иш берувчилари Ўзбекистонда мутахассисларни танлашга қизиқиш билдирмоқда
2026-10-17 14:40:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг Хорватия Республикасига ташрифи доирасида мамлакат Савдо-саноат палатаси (HGK), Иш берувчилар ассоциацияси (HUP), шунингдек, маҳаллий иш берувчилар ва кадрлар танлаш соҳасидаги ҳамкорлар билан қатор музокаралар ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистон фуқароларини Хорватия меҳнат бозорига уюшган ва қонуний тартибда жалб қилиш, иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжларидан келиб чиқиб мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни ишга жойлаштиришнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган тизимга кўра, Хорватия иш берувчиларининг касб ва малакалар кесимидаги эҳтиёжи Миграция агентлигига тақдим этилади. Номзодларни Ўзбекистонда иш берувчи талабларига мувофиқ касбий ва тил бўйича тайёрлаш, дастлабки саралашдан ўтказиш ҳамда якуний танловни хорватиялик иш берувчилар иштирокида ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур механизм доирасида танланган номзодлар учун Хорватияда ишлаш ва яшаш рухсатномаларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Музокараларда қурилиш, пайвандчилик ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Номзодларни дастлаб онлайн суҳбат асосида саралаш, кейинги босқичда эса Хорватия иш берувчиларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида амалий касбий синовлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Хорватиялик ҳамкорлар Ўзбекистондаги ўқув ва касбий тайёргарлик марказлари имкониятлари билан танишиш, иш берувчилар талабларига мос мутахассисларни бевосита саралашга қизиқиш билдирди.
Хорватия томони тақдим этган маълумотларга кўра, қурилиш соҳасида бошланғич иш ҳақи 1 300–1 400 евро атрофида бўлиши мумкин. Тасдиқланган касбий малака ва юқори кўникмаларга эга мутахассислар учун юқорироқ даромад олиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Хорватия меҳнат бозорида туризм, меҳмонхона-ресторан хизмати, тиббиёт ва савдо соҳаларида ҳам кадрларга эҳтиёж юқори экани билдирилди.
Музокаралар якунида Хорватия иш берувчилари ва компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, уларни Ўзбекистондаги касбий тайёргарлик имкониятлари билан таништириш ҳамда иш берувчининг аниқ буюртмаси асосида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Устувор мақсад — хорижий меҳнат бозорига тил биладиган, касб ва тасдиқланган малакага эга, иш берувчининг аниқ талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ва йўналтириш.






