Хорватиянинг йирик қурилиш лойиҳаларида ўзбекистонлик мутахассисларга қизиқиш ортмоқда
2026-10-17 13:45:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг Хорватияга амалий ташрифи доирасида Man Power ва Radnik d.d. компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Man Power компанияси билан темир йўл ҳамда бошқа инфратузилма объектларига ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш муҳокама қилинди. Дастлаб 15–20 нафар, кейинчалик 100 нафаргача мутахассисни қамраб олувчи ҳамкорлик модели кўриб чиқилди.
Ўзбекистонлик қурувчилар меҳнатига юқори баҳо. Radnik d.d. компанияси раҳбарияти юртдошларимизнинг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва иш шароитига тез мослашаётганини ижобий баҳолаб, ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Делегация компаниянинг ҳамюртларимиз меҳнат қилаётган қурилиш объектида бўлиб, улар билан бевосита мулоқот қилди. Учрашувда меҳнат ва яшаш шароитлари, ишчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий ҳимоясига оид масалаларга эътибор қаратилди.
Музокараларда касбий ва тил тайёргарлиги, малакани тан олиш, расмий иш ҳақи ҳамда меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Асосий мақсад — ўзбекистонлик мутахассисларни Хорватиянинг ишончли иш берувчилари билан тўғридан-тўғри боғлаш ва қонуний бандлик имкониятларини кенгайтириш.
