ХОРВАТИЯ БИЛАН МЕҲНАТ МОБИЛЛИГИ СОҲАСИДА АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК КЕНГАЯДИ
2026-10-15 14:30:00 / Янгиликлар
Хорватия, Загреб шаҳри | 15 октябрь, 2026 йил

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Хорватия Меҳнат, пенсия тизими, оила ва ижтимоий сиёсат вазирлиги давлат котиби Иван Видиш ҳамда Хорватия Бандлик хизмати директори Анте Лончар билан музокаралар ўтказди.
Асосий эътибор ҳамюртларимизни Хорватияда давлатлараро (G2G) механизм асосида қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларида ишга жойлаштириш тизимини йўлга қўйишга қаратилди.
🔹Дастлаб қурилиш соҳасида 50–100 нафар мутахассисни қамраб олувчи пилот танлов ташкил этиш таклиф қилинди.
🔹Хорватия иш берувчилари талаблари асосида фуқароларни касб ва тилга мақсадли тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
🔹Ушбу мамлакатда ишлаётган юртдошларимизни меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга жойида кўмак кўрсатиш мақсадида Хорватияда Миграция агентлиги ваколатхонасини очиш имконияти кўриб чиқилди.
Хорватия томони Ўзбекистонни қурилиш соҳасида истиқболли ҳамкор сифатида баҳолаб, ҳамкорликни келгусида муҳандислик, тиббиёт ва ижтимоий парвариш йўналишларига ҳам кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида меҳнат бозори соҳасида икки томонлама ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.



