АҚШда мавсумий ишлаш учун махсус тайёргарлик дастури йўлга қўйилади
2026-10-13 10:00:00 / Янгиликлар

Музокарада ҳамюртларимизни АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишларга тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича амалий қадамлар келишиб олинди.
Номзодлар учун тахминан 12 ҳафталик махсус ўқув дастури ишлаб чиқилади. Унда инглиз тили, қишлоқ хўжалиги техникасини бошқариш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, пайвандлаш ҳамда меҳнат хавфсизлиги бўйича амалий кўникмалар ўргатилади.
Иш берувчилар ўқув дастурини ишлаб чиқиш, номзодларни синовдан ўтказиш ва якуний сертификатлаш жараёнида иштирок этади.
Мақсад — биринчи гуруҳни АҚШдаги баҳорги қишлоқ хўжалиги мавсумига тайёрлаш.
Америкалик ҳамкорлар маълумотига кўра, АҚШ фермерларининг ўзбекистонлик ишчиларни мавсумий ишларга жалб қилишга қизиқиши ортиб бормоқда.
Иш берувчиларнинг аниқ буюртмалари олиниб, танлов мезонлари тасдиқлангач, номзодларни саралаш ва тайёрлаш бошланади.
Қабул шартлари ва ариза топшириш тартиби Агентликнинг расмий каналларида эълон қилинади.


