БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЖРИБА, ЭРТАГА КОРЕЯДА КАРЬЕРА!
2026-10-09 20:30:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Кореянинг BOMI Engineering & Construction компанияси раиси Ким Деок Йеонг билан учрашди.
Асосий мақсад — Ўзбекистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш ва улар учун икки давлат меҳнат бозорига йўл очиш.
Бу қандай ишлайди?
1. ТАЙЁРГАРЛИК — ЎЗБЕКИСТОНДА. Корея стандартлари асосида касб, тил ва меҳнат хавфсизлигига ўқитиш тизимини йўлга қўйиш.
2. АМАЛИЁТ — ХАЛҚАРО ЛОЙИҲАЛАРДА. Тайёрланган мутахассислар BOMI компаниясининг Ўзбекистондаги қурилиш объектларида ишлаб, замонавий технологиялар ва халқаро иш стандартларини амалда ўзлаштириши мумкин.
3. КЕЙИНГИ БОСҚИЧ — КОРЕЯ МЕҲНАТ БОЗОРИ. Ўзбекистонда касбий тажриба тўплаган, юқори малакага эга мутахассислар учун кейинчалик Кореяда ишлаш имкониятларини яратиш режалаштирилмоқда.
Ҳамкорликнинг дастлабки амалий йўналишларидан бири — Урганч халқаро аэропортини реконструкция қилиш лойиҳаси.
Компания маълумотига кўра, мазкур лойиҳа учун 1 500 нафарга яқин ходим талаб этилади. Шу мақсадда Урганчда ўқув-ишлаб чиқариш майдончасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.


